Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков ва бошқа масъуллар иштирок этишди.

Давлатимиз раҳбари бошчилигида Хоразм вилоятида иқтисодиётни ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий шароитларини яхшилаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Келгусида ҳам вилоятда янги иш ўринларини яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини кенгайтириш, янги саноат корхоналари ташкил этиш лозимлиги таъкидланди. Туризм йўналишидаги мавжуд имкониятлардан кенгроқ фойдаланиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилди. Шу вақтгача Қўшкўпир тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Жўрабек Рахимович Рахимов Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.

ЎзА