Жанубий Кореянинг етакчи матбаа нашрларидан бири – “The Korea Post” журналининг онлайн саҳифасида яқиндагина Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича иккинчи Бутунжаҳон конференцияси якунига бағишланган махсус мақола чоп этилди.
Муаллиф ушбу тадбирда ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари раҳбарлари, ЮНЕСКОга аъзо давлатлар таълим вазирлари, шунингдек, илм-фан ва таълим соҳасида жаҳоннинг таниқли намояндалари қатнашганин қайд этган.
Мақолада ушбу нуфузли анжуман ҳар бир боланинг туғилган кунидан бошлаб сифатли парвариш ва таълим олиш ҳуқуқини яна бир бор тасдиқлагани баробарида, аъзо давлатларни барча болаларнинг сифатли эрта болалик таълимидан фойдаланиш имкониятини, кичик ёшдаги ривожланиш сифатини яхшилашга, болаларни бошланғич мактабга киришга тайёрлаш учун ғамхўрлик қилиш ва эрта болалик таълим дастурларига сармояни кўпайтириш бўйича мажбуриятларини янгилаш ва кенгайтиришга чақиргани тафсилоти ҳам қаламга олинган.
Маълум қилинганидек, “Конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, дунёда мактабгача таълим ва тарбия билан боғлиқ вазиятга тўхталди, миллионлаб болаларнинг бошланғич таълим олиш имконияти чекланганига урғу берди. Шу сабабли кичик ёшдаги болаларни ривожлантириш бўйича мутахассисларнинг вазифаси барча болалар таълим хизматидан тенг фойдаланишини таъминлаш учун кучларни бирлаштириш ва қамраб олишни кенгайтириш зарур. Aна шундай саъй-ҳаракатлар замирида Ўзбекистон Республикасида “инсон қадри, унинг ҳуқуқи ва манфаати – олий қадрият” тамойилидан келиб чиқиб, халқ учун муносиб таълим-тарбия шароити яратиш Янги Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгилангани таъкидланди”.
Жанубий Корея нашри Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган ташаббуслар, хусусан, мактабгача таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатни тизимли мувофиқлаштириш мақсадида Тошкентда ЮНЕСКО минтақавий марказини ташкил этиш, кичик ёшдаги болалар таълими бўйича жаҳон ташкилоти билан қўшма лойиҳа ва тадқиқотлар олиб бориш, тарбиянинг янгича услубларини жорий этиш, методик қўлланмалар тайёрлаш, илғор тажриба, замонавий интерактив ўқитиш услуби, амалий билим ва кўникма билан ўзаро алмашиш мақсадида Тарбиячилар халқаро ҳамжамиятини ташкил этиш, 2024 йил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ўтказиладиган Келажак саммитининг умумий кун тартибига асосий мавзулардан бири сифатида кичик ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш масаласини киритиш каби муҳим таклифларнинг долзарблигига эътибор қаратган.
ЎзА