Бугун – 9 декабрь куни Қирғиз Республикаси пойтахти Бишкекда Евроосиё иқтисодий иттифоқининг кенгайтирилган таркибдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Президент Садир Жапаров раислик қилган тадбирда Россия етакчиси Владимир Путин, Беларусь раҳбари Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян иштирок этган.
Саммит кун тартибидан Евроосиё иқтисодий иттифоқи фаолиятига оид масалалар, интеграция жараёнини янада чуқурлаштириш бўйича йўриқномалар, товар ва хизматларнинг ягона бозори фаолиятини такомиллаштириш масалалари ўрин олди.
Президентлар, шунингдек, ЕОИИ ички бозоридаги тўсиқларни бартараф этиш, Ҳамдўстлик ҳудудида умумий газ бозорини шакллантириш ва БАА билан эркин савдо битимини тузиш бўйича музокараларни бошлаш масаласини ҳам муҳокама қилди.
Кузатувчи давлатлардан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Куба Президенти Мигель Диас-Канель видеоалоқа орқали йиғилишда қатнашган.
Қирғизистон Президенти матбуот хизмати хабарига кўра, тадбирни 80 га яқин маҳаллий ва 150 га яқин хорижий журналистлар ёритиб борган.
Дастлаб давлатлар раҳбарлари тор доирада йиғилиш ўтказган. Кенгайтирилган таркибда ўтган учрашув чоғида Президент Садир Жапаров ЕОИИ мамлакатлари раҳбарлари коронавирус пандемияси бошланганидан буён биринчи марта мажлис ташкил этилганини алоҳида қайд этган.
ЎзА