НАТО Бош котиби Енс Столтенберг фикрича, Украина можароси Россия ва Шимолий Атлантика альянси ўртасида низо келтириб чиқариши мумкин. Бу ҳақда у Норвегиянинг “NRK” телеканалига чиқишида айтган.

«Украина атрофидаги вазият назоратдан чиқиб, НАТО ва Россия ўртасида катта зиддиятга айланиб кетишидан қўрқаман. Албатта, биз бундай вазиятга тушиб қолмаслик учун ҳаракат қиламиз», деди Бош котиб.

Етакчининг бу вазиятдаги масъулияти ҳақидаги саволга Столтенберг шундай жавоб берди: «Мен ҳаммаси жуда жиддий эканини ҳис қиламан. Бу Европа ва Норвегия учун жиддий давр. Агар бирор нотўғри қадам қўйилса, ҳаммаси даҳшатли тус олиши мумкин».

Киевга ёрдам кўрсатиш ҳақида гапирар экан, у «фақат кучли Украина тинчликни таъминлаши мумкин. Альянс ҳарбий ёрдам беришни давом эттиради», дея таъкидлади.

ЎзА