Давлатимиз раҳбарининг “Жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилди.

Бош прокуратура матбуот хизмати маълумотига кўра, эндиликда шу асосда 3 та тергов ва 5 та суриштирув органларидаги суриштирувчи ва терговчиларни тайёрлаш ва малакасини ошириш орқали касбга йўналтиришнинг  “турли тизим – ягона ёндашув” тамойилига асосланган мувофиқлаштирилган тизими йўлга қўйилади.

Айнан тергов ва суриштирув органлари учун тор ихтисосликдаги кадрларни тайёрлайдиган таълим муассасаси бўлмаганлиги сабабли бу борадаги эҳтиёжни таъминлаш мақсадида академияда терговчиларни тайёрлашнинг икки босқичли (бакалавриат ва магистратура) тизими жорий этилади.

Эътиборли жиҳати, академия бакалавриатига қабул қилишда абитуриентларнинг муайян тоифаларига республиканинг бошқа олий таълим муассасаларига кириш учун қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилмайди.

Эҳтимол барчада бошқа таълим муассасалари ҳам ҳуқуқшунос тайёрлайди, терговчиларни алоҳида тайёрлашга эҳтиёж бормикан, деган савол туғилиши мумкин.

Тўғри, бошқа юридик таълим муассасалари ҳам бу йўналишда кадрлар тайёрлайди. Бироқ, мазкур таълим муассасаларида юриспруденциянинг барча соҳаларини ўргатишга эътибор қаратилиб, бевосита тергов фаолиятига тааллуқли масалаларга кам вақт ажратилади. Айниқса, нафақат назариячилар, шу билан бирга, профессионал амалиётчилар томонидан ҳам терговнинг сир-асрорлари ўргатилиши очиқлигича қолиб кетган.

Ташкил этилган академиядаги ўқув жараёни эса бир тарафдан таълимнинг амалиёт билан уйғунлигини таъминласа, бошқа тарафдан терговчи лавозимига тайинланган ёш кадрларнинг ушбу касбнинг нозик жиҳатларини ўрганиш учун яна бир неча йиллар сарфланишининг олдини олади.

Академияда терговчи ва суриштирувчиларни касбий қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг ягона ва мажбурий тизими жорий этилмоқда.

Хусусан, янги тартибга кўра биринчи маротаба суриштирувчи ёки терговчи лавозимларига тайинланган ёш кадрлар академияда мажбурий касбий қайта тайёрлаш курсларида таҳсил олади.

Шунингдек, барча суриштирувчи ва терговчилар ҳар 3 йилда камида бир маротаба академияда ўз малакасини оширади.

Мазкур механизмлар эса ҳудудларда турли органлар терговчиларининг ягона амалиёт асосида иш олиб боришларини таъминлайди.

Ташкил этилган академияга нафақат кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида вазифалар, шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти муаммоларини илмий-амалий тадқиқ этиш, коррупцияга қарши курашиш, рақамли криминалистика ва бошқа соҳаларни илмий-услубий таъминлаш вазифалари ҳам юклатилган.

Яна бир муҳим масала. Фармон билан академиянинг самарали фаолият юритиши ва ривожланишига кўмаклашиш мақсадида Бош прокурор, ДХХ раиси, ички ишлар вазири ва бошқа масъул лавозимдаги ходимлардан иборат таркибда мувофиқлаштириш-васийлик кенгаши тузилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу тизим жиноятларни тергов қилиш самарадорлигини ошириш ва бу борада малакали кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА