Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуасида “Ипак йўлида туризм” 27-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси ўз ишини бошлади. Мазкур тадбир дунёнинг 30 мамлакатидан 300 нафардан ортиқ соҳа вакилларини ўзида жамлаган.
Бош вазир ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов тадбирни очиб, бугунги Ўзбекистон бутун дунё диққат марказида турганлиги, 2023 йилда БМТ Жаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессияси Самарқандда бўлиб ўтиши, бу тадбир мингдан зиёд хорижий меҳмонларни жалб қилишини таъкидлаб ўтди.
Қайд этилишича, “Ипак йўлида туризм” 27-Тошкент халқаро туризм ярмаркасида соҳа мутахассислари иштирокида форум ва сессиялар, маҳорат дарслари, кўргазмалар ҳамда B2B учрашувлари ташкил этилиши режалаштирилган. Шунингдек, маҳаллий ва халқаро майдондаги дизайнерлар иштирокида модалар намойиши ҳам бўлиб ўтади.
Ярмарка доирасида ташкил этилган халқаро кўргазмада Франция, Япония, Малайзия, Таиланд, Корея, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Озарбайжон ва бошқа давлатларнинг туризм маъмурияти жамоалари ўз миллий стендлари билан иштирок этмоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ярмарка 1995 йилдан буён ҳар йили БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) кўмагида ўтказиб келинаётган сайёҳлик тадбири бўлиб, мазкур кўргазма ҳар йили бутун дунёдан сайёҳлик соҳасининг юзлаб мутахассисларини ўзида жамлаб, халқаро миқёсда ривожлантириши учун шароит яратади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА