Москвадаги Кремль давлат саройида Россияда Ўзбекистон маданияти кунларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу тадбир икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлиб, дўстлик ва ҳамкорлик рамзи ҳисобланади.

Россия аҳолиси Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, унинг кўп асрлик анъаналари, замонавий ютуқлари ва бадиий ўзига хослиги билан танишишдек ноёб имкониятга эга бўлди.

Ўзбекистоннинг таниқли санъат арбоблари иштирокидаги концерт кечанинг энг муҳим воқеаси бўлди. Концертда халқ артистлари Озодбек Назарбеков, Фаррух Зокиров, Гулсанам Мамазоитова, Ойгул Нодирова, хизмат кўрсатган артистлар Озода Нурсаидова ва Илёс Арабов, “Овоз» болалар лойиҳаси ғолиби Сабина Мустаева иштирок этиб, дилга хуш ёқувчи қўшиқларни ижро этди. Ўзбекистон давлат симфоник оркестри ва Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли ҳам ўз дастурларини тақдим этди.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Авазхон Тожихонов Россияда Ўзбекистон маданияти кунлари мамлакатимизнинг янги имкониятларга очиқлиги, ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлашга асосланган маданий мулоқотни давом эттиришга интилишини намоён этишини таъкидлади.

– Бугун биз ажойиб байрам – дўстлик байрамини нишонламоқдамиз. Фурсатдан фойдаланиб, халқимизнинг бойлиги, миллий маданиятимизнинг ўзига хос хусусиятларини намойиш қилмоқчимиз. Гулдурос олқишларни эшитишдан ёқимлироқ нарса бўлмаса керак, бу саъй-ҳаракатларимиз муносиб баҳоланганини англатади. Ишонч билан айта оламанки, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги маданий алоқалар теран илдизларга эга ва улар ривожланишда давом этмоқда. Бизнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган анъаналаримиз муносабатларимизни янада ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади. Ўзбек мусиқаси, рақслари ва ҳунармандчилиги россиялик дўстларимиз қалбидан чуқур жой эгалламоқда, рус адабиёти, санъати ва илм-фан ютуқлари эса ўзбек халқини илҳомлантиради, – дейди “Ялла” ансамбли бадиий раҳбари Фаррух Зокиров.

Азиза Алимова, Дониёр Ёқубов, ЎзА.

Москва, Россия