Ҳаракатнинг собиқ матбуот котиби Муҳаммад Афиф ҳалокатига жавобан, Ҳизбуллоҳ Тель-Авивга ҳужум уюштиришни мўлжалламоқда.

Бош котиб Шайх Наим Қосим бу ҳақда Исроил режими Байрутнинг юрагига ҳужум қилгани ва шу боис энди қарши жавобни кутиши кераклигини айтди. Шунингдек, у чоршанба куни телевидение орқали берган баёнотида Ижроия кенгашнинг марҳум раҳбари Ҳошим Сафиддинни ҳам олқиш билан эслаган. Ливан пойтахти ушбу ҳужумлар остида ёлғиз ташлаб қўйилмаслиги, “душман” бунинг учун албатта товон тўлашини таъкидлаб, асосий нишон Тель-Авив маркази эканини билдирди.

– Исроил зарбалари шиддатли бўлса-да, Ҳизбуллоҳ ҳам кучли ва қобилиятли кадрларга эга, – деди у. – Ливанга қарши икки ойлик кенг қамровли урушдан кейин ҳам муносиб қаршилик кўрсатилаётгани кучли бардошимиздан дарак. Сионистик режим узоқ давом этадиган жангга тайёрланаётган Ҳизбуллоҳни ҳеч қачон мағлуб эта олмайди. Биз жанг майдонида қоламиз ва қанча талафот кўришимиздан қатъи назар, курашамиз. Албатта, рақибни ҳам жиддий оқибат кутади. Уларнинг мақсадга эриша олмаслиги бизнинг ғалабамизни англатади.

Мусулмон Зиё, ЎзА