Жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида Оролбўйида камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринларини ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
– Республикада ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича соҳада амалга оширилаётган ишлар янги босқичга олиб чиқилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири биринчи ўринбосари Нийетбай Нуржанов. – Президентимизнинг 2024 йил 9 январдаги “2024 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилда 120,7 минг нафар аҳолини доимий, мавсумий ва вақтинчалик ишларда бандлигини таъминлаш дастури тасдиқланди. Мазкур дастурга асосан, хизмат кўрсатиш соҳасида 41,5 минг, қишлоқ хўжалиги йўналишида 65,2 минг, инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига 9,3 минг ҳамда қурилиш соҳасида 4,7 минг нафар аҳолини даромадли меҳнат билан банд қилиш вазифаси белгиланган.
Қарор талабига мувофиқ, ташкил этиладиган иш ўринлари ҳисобини юритиш ҳамда ҳаққонийлигини таъминлаш мақсадида вазирлик томонидан “yangiish.mehnat.uz” электрон дастури ишга туширилди. Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш юзасидан штаб ташкил этилди.
Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жами 112,8 минг нафар, шундан, хизмат кўрсатиш соҳасида 53,6 минг, қишлоқ хўжалиги йўналишида 52,8 минг, қурилиш соҳасида 4,2 минг, инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш орқали 2,2 минг нафар аҳоли юқори даромадли янги иш билан таъминланди.
Давлатимиз раҳбарининг Сайхунобод ва Уйчи туманига ташрифида берган топшириғи асосида маҳаллаларда томорқадан фойдаланиш бўйича намунали хонадонларни ташкил этиш орқали аҳоли даромадларини ошириш белгилаб олинди. Хусусан, аҳоли томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш, камида 2-3 марта ҳосил олиш имконияти белгиланди. Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланган ҳолда аҳоли даромадларини оширишнинг асосан 5 та мезони жорий этилмоқда.
“Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида маҳаллалар муайян турдаги маҳсулотларни етиштиришга ихтисослаштирилади. Аҳоли хонадонларнинг экин ер майдонларида бир хил турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш йўлга қўйилади. Аҳоли томорқа майдонларида ихчам иссиқхоналар ташкил этилади.
Республикада ишсизлик ва камбағаллик даражасини туширишда яратиб берилган янги механизмлар ва молиявий инструментлар муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, ўтган йил давомида 27,7 минг оила камбағалликдан чиқарилиши натижасида камбағаллик даражаси 6 фоизга туширилишига эришилди.
Ҳоким ёрдамчиси маҳалладаги ишсизларни хоҳиш истаклари ҳамда меҳнат бозоридаги талабдан келиб чиқиб, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқишга жалб этмоқда. Хусусан, жорий йилда 11 минг нафар фуқарони касбга ўқитишга жалб қилиш режалаштирилган бўлиб, ўтган 9 ой мобайнида 11,7 минг нафар ишсиз ва мактаб битирувчиси касб-ҳунар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқишга жалб этилди.
Вазирлик тасарруфидаги 1 та “Ишга марҳамат” мономаркази ва 3 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази ҳамда 48 та маҳалла маскани битирувчиларига ҳоким ёрдамчиси бириктирилиб, уларнинг бандлиги назоратга олинган. Жумладан, мазкур марказларни битирган 4 минг 686 нафар ишсиздан 3 минг 562 нафарининг бандлиги таъминланди.
Бандлик органлари ҳамда ҳоким ёрдамчилари орқали 29,7 минг нафар фуқаро доимий иш ўринларига жойлаштирилди. Шунингдек, 6,3 минг нафар ишсиз бир марталик ҳақ тўланадиган жамоат ишига жалб қилинди. Ҳоким ёрдамчилари тавсияларига асосан Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун 27,7 минг нафарига 386,9 миллиард сўмлик кредит маблағи ажратилди.
Ҳоким ёрдамчилари кўмагида умумий қиймати 12,5 минг микро-лойиҳани амалга ошириш орқали 17 минг доимий иш ўрни яратилиши режалаштирилган бўлиб, ўтган даврда 11,7 мингта лойиҳа ишга туширилиши ҳисобига 15,8 минг янги иш ўрни ташкил этилди. Бунинг натижасида, фуқароларнинг бандлиги таъминланиб, уларнинг даромадлари ва харид қобилияти ошмоқда. Бундан ташқари, деҳқончилик қилиш учун экин майдонлари ижара асосида ажратилиб, 9,4 минг нафар аҳоли даромад манбаига эга бўлди.
Муҳим вазифалардан бири бу хавфсиз, ташкиллаштирилган меҳнат миграциясини йўлга қўйишдир. Жорий йилда 59,7 минг нафар фуқаро Россия Федерацияси, Қозоғистон, Туркия, Жанубий Корея ва бошқа давлатларга ишлашга кетган.
Президентимизнинг 2024 йил 4 апрелдаги “Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш ҳамда хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахсларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони орқали агентлик фаолияти транcформация қилиниб, хориждаги ваколатхоналарни кенгайтириш белгиланди. Ўзбекистоннинг Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Венгрия, Германия, Латвия, Польша ҳамда Япония давлатларида меҳнат миграцияси масалалари бўйича атташе лавозимини жорий этиш топширилди.
Жорий йилдаги энг устувор вазифа 2,8 минг нафар аҳолини касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш орқали 7,2 минг нафар фуқарони ривожланган давлатларда ишга жойлаштириш, меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш, номзодларни касб ва чет тилига ўргатиш бўйича хорижий давлатлар билан ҳамкорлик янги босқичга олиб чиқиш. Жумладан, 5,6 минг нафар фуқаронинг хорижий давлатларга ташкилий ва манзилли тартибда ишга жойлашишига кўмаклашилди. Йил бошидан хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларнинг 1,8 минг нафари 30 га яқин турдаги касбга ва 300 нафари немис, инглиз, корейс, япон ва бошқа чет тилларга ўқишга жалб қилинган.
Давлат меҳнат назорати инспекцияси томонидан 651 та текшириш ва ўрганиш ўтказилиб, 4 минг 109 та қонун бузилиши аниқланди. Аниқланган қонун бузилишлари юзасидан 370 та ҳолатда 885,4 миллион сўм жарима қўлланилди ҳамда 147 та ёзма кўрсатма берилди. Меҳнат муҳофазаси ва бузилган ҳуқуқларни тиклаш юзасидан 1 минг 317 нафар фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилди. Шундан, 705 та мурожаат қаноатлантирилди ва 815 нафар фуқаронинг бузилган меҳнат ҳуқуқи тикланди. Назорат тадбирлари натижасида 489 нафар фуқаронинг жами 1,9 миллиард сўмдан ортиқ иш ҳақи ундириб берилди.
Камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжманд аҳолига молиявий кўмак кўрсатиш мақсадида вазирлик тизимидаги жамғармалар томонидан жами 27,1 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири