Футбол бўйича Элит Осиё чемпионлар лигасининг 6-тури доирасидаги учрашувлар бугун давом этади.

Бу турнинг марказий учрашувларидан бирида «Истиқлол» сафарда «Ал-Аҳли» меҳмони бўлди. Мазкур баҳс жанговар 2:2 ҳисобида якунланди. Биз учун бу ўйиннинг аҳамиятли жиҳати шундаки, унда терма жамоамиз аъзоси Жалолиддин Машарипов асосий таркибда майдонга тушиб, 87 дақиқа ҳаракатланди. Футболчимиз ушбу дақиқалар давомида битта хавфли вазият яратиб, шерикларига 18 та аниқ тўп узатди ва 1 та муваффақиятли дриблингни ўз ҳисобига ёздириб қўйди.

Осиё чемпионлар лигасининг 6-туридан ўрин олган «Персеполис» – «Ал-Шорта» жамоалари ўртасидаги баҳс 2:1 ҳисобида якунланди. Учрашувнинг 19-дақиқасида Али (Ал-Шорта) ҳисобни очган бўлса, 89-дақиқада жароҳатдан қутулган маҳоратли футболчимиз Остон Ўрунов имкониятни тенглаштирди. 90+13-дақиқада эса Гвелесиани гол уриб, “Персеполис”га муҳим ғалабани келтирди.

Шунингдек, бу турда “Ал-Васл” “Ал-Райян” билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этган бўлса,  “Ал-Наср” ўз майдонида “Ал-Садд” клубига 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

Бугун, 3 декабрь куни “Пахтакор” – “Ал-Айн”, “Ал-Ҳилол” – “Ал-Гарафа” баҳсига гувоҳ бўламиз. Эслатиб ўтамиз, “Пахтакор” ва “Ал-Айн” жамоалари ўртасидаги ўйин «Жар» стадионида соат 19:00 да бошланади.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА