Мисрнинг “Бугунги хабарлар” нашри “Ўзбекистонга келган хорижий сайёҳлар сони 10 ой ичида қарийб бир миллион нафар кўпайди” сарлавҳали мақола эълон қилди.
Мақолада жорий йил январь-октябрь ойлари оралиғида юртимиз 6,5 миллионга яқин турист қабул қилгани, бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 951 минг нафар ёки 17,2 фоиз кўплиги, диёримизга фақат октябрь ойининг ўзида 800 мингга яқин хорижий сайёҳ келгани эътироф этилган. Бу миқдорни ташкил этган етакчи давлатлар рўйхати қуйидаги кўринишни ҳосил қилган: Тожикистон – 1,878 миллион, Қирғизистон – 1,87 миллион, Қозоғистон – 1,26 миллион, Россия – 686 700, Туркманистон – 145 000, Хитой – 57 700, Ҳиндистон – 55 900. Октябрь ойида эса Туркия, Хитой, Ҳиндистон, Италия ва Жанубий Корея фуқаролари кўпроқ Ўзбекистонни танлаган.
Рақамлар ўсиб бораётган туристик оқим иқтисодий ўсишга ижобий таъсир кўрсатиб, хизматлар хилма хиллиги ошиб, кўлами кенгайиши, бандлик таъминланиши, сифат кўарилишига туртки беришидан далолат. Шу билан бирга ушбу ҳолат ички бозорда қўшимча истеъмол талабини вужудга келтиради. Бунда истеъмол моллари, хусусан озиқ-овқат маҳсулотлари ва транспорт хизматига таклиф кўпайиб, келгусида истеъмол нархига инфляцион босим юзага келишининг олди олинади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА