Юртимиз бўйлаб давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида қорақалпоғистонликлар ҳам фаол иштирок этиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик инқирозлар хавфини камайтириш ишларида намуна бўлмоқдалар.

Нукус тумани “Дийқан арна” маҳалла фуқаролар йиғинида “Маҳалла обод – эл обод” шиори остида ташкил қилинган кузги кўчат экиш ишларига барча овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларидан фаоллар, нуронийлар ва ёшлар жалб этилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси  масъул вакиллари ҳамда нуронийлар яшил ҳудудларни барпо этиш ва кўпайтириш глобал экологик инқироз шароитида ҳал қилувчи вазифа эканлигини таъкидлаб, барчани мана шундай эзгу ишда фаол бўлишга чақирди.

Маҳалла фуқаролар йиғинида боғ яратиш мақсадида олдиндан тайёрланган 2 гектар майдонга  мевали дарахт  кўчатларини экишга старт берилди. Шу куни жами 500 тупдан ортиқ олма, шафтоли, нок каби мева кўчатлари ўтқазилди.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат,видео),ЎзА