Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2003 йил 21 ноябрдаги резолюциясига мувофиқ, 2004 йилдан бошлаб “9 декабрь – Бутунжаҳон коррупцияга қарши курашиш куни” сифатида белгиланган.
Ушбу сана муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Солиқ бошқармасида тадбиркорлик субъектлари, талаба-ёшлар, оммавий ахборот воситалари ҳамда блогерлар иштирокида “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди.
Бугунги кунда солиқ органларининг асосий вазифаси давлатнинг солиқ сиёсатини амалга ошириш, солиқ бўйича қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларига амал қилинишини, солиқ ва йиғимларнинг тўғри ҳисобланишини, тўлиқ ва вақтида тўланишини таъминлашдан иборат. Шунингдек, солиқ органларига пул маблағларининг қонунга хилоф айланишига чек қўйиш, пулли ҳисоб-китобларни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслардан нақд пул тушуми тўлиқ ва вақтида топширилиши бўйича узлуксиз назоратни таъминлаш ва бошқа мажбуриятлар белгиланган.
Таъкидланганидек, коррупция – алоҳида жамиятларда ижтимоий-иқтисодий тараққиётга салбий таъсир кўрсатадиган жиноят ҳисобланади. У ишбилармонлик, соғлиқни сақлаш ва бошқа кўплаб соҳаларда зарарли оқибатларга олиб келади. Бугунги кунда Коррупцияга қарши курашиш мамлакатимизда жамият ва давлатнинг устувор умумий мақсадига айланди.
Бошқарма томонидан 2024 йилнинг 10 ойи давомида 61 та профилактик мажлис ўтказилди. Шунингдек, 2024 йилнинг 1 ноябридан 29 ноябрига қадар чекланган ходимлар ўртасида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга нисбатан беғараз муносабатни шакллантиришга қаратилган “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” ўтказилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиб, уларга солиқ органлари ходимлари томонидан тамагирлик, коррупция ҳолатларига йўл қўйилган тақдирда хабар бериши мумкин бўлган алоқа каналлари кўрсатилган брошюралар тарқатилмоқда. Шу билан бирга, ушбу иллатга қарши курашиш йўналишларида мунтазам равишда ўқув машғулотлари ўтказилиб, айбланувчи ходимларга нисбатан жазо чоралари қўлланилмоқда.
Учрашувда солиқ бошқармаси ва унинг бўлинмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Маълумот учун, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 2024 йил учун бюджет тушумларига белгиланган 2 триллион 850,9 миллиард сўмлик прогноз кўрсаткичи жорий йил 1 ноябрь ҳолатига 2 триллион 437,4 миллиард сўмга, яъни 85,5 фоизга бажарилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 120,5 фоизга ошган.
Учрашувда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири