Бугун, 21 ноябрдан пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида мамлакатимизда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Президент кубоги-2024” мусобақалари бошланади.
Дунёнинг кўзга кўринган гроссмейстерлари FIDE рейтингидаги ўринларига қараб “А” ва “В” гуруҳларига жойлашиб, дона суришади. Мукофот жамғармаси 75 минг АҚШ долларини ташкил этувчи мусобақа қизиқарли баҳсларга бой ўтиши аниқ.
“А” гуруҳи баҳсларида Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Шамсиддин Воҳидов, Нодирбек Ёқуббоев сингари таниқли гроссмейстерларимиз ҳамда истеъдодли ёш шахматчиларимиз Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.
Н.Абдусатторов халқаро турнирнинг биринчи рақамли иштирокчиси сифатида сараланган. Эронлик Парҳам Магсудлу иккинчи, унинг ҳамюрти Амин Табатабаи учинчи рақам остида таснифланган.
Барча тўққиз учрашувни биринчи тахтада ўтказадиган Нодирбек Абдусатторов бугун куннинг иккинчи ярмида бошланадиган 1-тур баҳсида қора доналарда ҳиндистонлик Самбит Панда билан куч синашади. Жавоҳир Синдоров FIDE байроғи остида мусобақада қатнашаётган Екатерина Голцева, Шамсиддин Воҳидов эса ҳиндистонлик Этан Вазга қарши кураш олиб боради.
Ўзбекистон шахмат федерацияси хабарига кўра, мазкур мусобақани бевосита кузатишга иштиёқманд шахмат мухлисларига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида махсус “фан зона” ташкил этилди. Бу ерда сиз ўйинларни кузатиш ва шахмат атмосферасидан баҳраманд бўлишингиз мумкин.
30 ноябрь кунига қадар давом этадиган “Президент кубоги-2024” мусобақасининг тантанали очилиш маросими бугун бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев,
ЎзА