Мали Бош вазири Чогел Кокалла Маига ҳарбий ҳукуматни танқид қилганидан сўнг ишдан бўшатилди. Мамлакат Президентининг ORTM давлат телеканали шу ҳақдаги фармонни эълон қилган.
Ҳукуматни 2021 йил июндан бери бошқариб келган Маига мудофаа тизими мансабдорлари уни қарор қабул қилиш жараёнига киритмаганини таъкидлаб, демократик сайлов кечиктирилишида ҳарбий мулозимлар асосий айбдорлигини билдирган.
2020 йил август ойида юз берган давлат тўнтариши ташкилотчиси Ассими Гоита ўша пайт Президент этиб Ба Ндауни, Бош вазир лавозимига эса Моктар Уанни тайинлаган эди.
Вице-президент лавозимида ҳам ишлаган Гоита 2021 йил майда Ндау ва Уанн бир неча ҳарбий амалдорни ишдан бўшатиш истагини ошкор қилиб, иккинчи давлат тўнтаришини амалга оширди. Ўзи эса давлат раҳбарлигини эгаллаб, Маигани Бош вазирликка қўйди.
Халқаро ҳамжамият 2020 йил августдан бери демократик сайлов ўтказилиши лозимлигини айтиб, Гоитага босим қилмоқда. Афсуски, у тўрт йилдан буён сайлов санасини белгиламаяпти.