Ушбу маълумот Тошкент шаҳридаги ИНХА университетида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Кореянинг электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт бўйича ҳамкорлигига бағишланган форумда айтиб ўтилди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Жамшид Эгамбердиев БМТ “Электрон ҳукумат” тараққиёт индексига кўра, Ўзбекистон 2022 йил 193 давлат орасида 69-ўринни эгаллаб, 2020 йилга нисбатан 18 поғона юқорилаганини таъкидлади.

Анжуманда Ўзбекистон —Корея муносабати эътироф этилиб, бир қатор истиқболли йўналишларда ҳамкорликни янада жадаллаштириш маъқулланди. Жумладан, Корея Республикаси илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда технопарклар, инновацион марказларни ривожлантириш ва самарали бошқариш йўналишида шерикликни кучайтириш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, инсон капитали IT-индустрияни ривожлантиришнинг муҳим омили эканини ҳисобга олиб, Ўзбекистон ва Корея ихтисослаштирилган университетлари ўртасида ахборот технологиялари бўйича таълим соҳасидаги ҳамкорлик янада кенгайтирилади.

Тадбир доирасида сунъий интеллект ва ақлли шаҳар йўналишида ҳам ҳамкорликни ривожлантириш, биринчи навбатда, илғор тажрибани ўзлаштириш ва биргаликда ҳаракатланиш нуқталарини аниқлаш масалалари муҳокама қилинди.

Электрон ҳукумат, рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект йўналишларида тажриба алмашиш дастурлари, малака ошириш курслари сонини кўпайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

ЎзА