Франция Президенти Эммануэль Макрон беш кунлик ташриф билан Вашингтонга етиб борди. Бу ҳақда “Agence France-Presse” хабар берди.

Бугун Франция давлат раҳбари АҚШ вице-президенти Камала Харрис ҳамроҳлигида Аэроновтика ва космик тадқиқотлар миллий бошқармаси (NASA) қароргоҳига боради.

Макрон ва Президент Жо Байден учрашуви 1 декабрга режаланган. Музокаралар чоғида Макрон икки давлат ўртасидаги савдо келишмовчилигини муҳокама қилмоқчи.

Франция етакчисининг мазкур сафари Австралияга сувости кемаларини етказиб бериш бўйича келишув тузилганидан 15 ой ўтиб амалга оширилмоқда. Битим Париж манфаатларига зарар етказган ҳолда 2021 йилнинг сентябрь ойида Вашингтон, Камберра ва Лондон томонидан расмийлаштирилган.

АҚШ расмийлари Франция иттифоқчиси билан алоқаларни мустаҳкамлашга тайёр эканини кўрсатиш учун Макронни давлат ташрифига таклиф қилган.

Сафар махсус протокол шартлари билан ўтказилиши қайд этилади.

ЎзА