Қозоғистон ва Россия Президентлари Қосим-Жомарт Тоқаев ва Владимир Путин Москвада учрашиб, икки томонлама муносабатнинг бугунги ҳолати, келажаги ҳамда халқаро кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилдилар. Музокара натижасида икки давлат раҳбари Қозоғистон ва Россия ўртасидаги декларацияни имзолади, деб хабар берди “Акорда” матбуот хизмати.
Ахборотда, жумладан, “Қозоғистон ва Россия ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан декларация қабул қилинди”, дейилади. Ҳужжатнинг бир бандида “Россия ва Қозоғистон ядро урушида ғолиб бўлиши мумкин эмаслиги ва ҳеч қачон бу масалани қўзғатмаслиги керак”лиги таъкидланган.
“Россия ва Қозоғистон тенг, ажралмас хавфсизлик тамойилига асосланиб, миллий манфаатга жавоб берадиган, бошқа давлатларга қарши қаратилмаган ҳарбий-сиёсий, ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантиради”, дея қайд этилади декларацияда.
Шунингдек, бу икки давлат иттифоқчилик муносабатини мустаҳкамлаш учун мамлакатлар тарихини сохталаштириш, қайта ёзиш ва “қоралаш” бўйича ҳеч қандай уринишни қабул қилмайди. Иккинчи жаҳон уруши ҳақидаги тарихий ҳақиқатни авайлаб-асрайди.
Ташриф давомида Тоқаев Қозоғистон ва Россия 28-минтақалараро ҳамкорлик форумида ҳам иштирок этди.