Енгилмас профессионал боксчимиз Шоҳжаҳон Эргашев Бруклиндаги «Barclays Center» спорт мажмуасида 28 апрель куни навбатдаги жангини ўтказиши ҳақида хабар берган эдик.
Шоҳжаҳон ЎзА мухбирига хабар беришича ушбу жангга жиддий тайёргарлик кўрмоқда.
– 28 апрель куни ўтадиган жангга ҳам қисқа вақт қолди. Ҳозирда турли усулда жанг қиладиган боксчилар билан спаррингларда иштирок этмоқдаман. Мен доимо янги жангга тайёрман. Умид қиламанки, халқимиз ва менга ишонч билдирган барча яқинларимни хурсанд қиламан. Бу жанг менинг фаолиятимда муҳим аҳамият касб этади. Аввал айтганимдек профессионал бокснинг ярим енгил вазн тоифасида чемпионлик камарини қўлга киритмоқчиман, – деди Шоҳжаҳон.
Боксчимиз АҚШнинг Детройт шаҳрида шуғулланмоқда. Машғулотларда жисмоний ҳолатини янада яхшиловчи, техник ва тактик машқларни бажарамоқда.
Қуйида Шоҳжаҳоннинг жангга қандай тайёргарлик қилаётганини акс эттирувчи видео роликни томоша қилишингиз мумкин:
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА