“Катта еттилик” мамлакатлари ва Австралия Россия нефти учун белгиланган нарх жорий қилишга шартлашиб олди, деб ёзмоқда Рейтер агентлиги манбаларга таяниб.

«Коалиция (G7 ва Австралия) белгиланган нархнинг энг юқори даражасини келишиб олди, у мунтазам равишда баҳолаб борилади», – дейилади агентликнинг манба берган маълумотига таяниб тарқатган хабарида.

Хабарда таъкидланишича, мамлакатлар Россиядан экспорт қилинаётган нефть баҳосининг ўзгарувчан даражасидан воз кечади. Нарх даражасининг энг сўнгги чегарасини ноябрда белгилаш режалаштирилмоқда.

Россия энергоресурсларга нарх белгилаш ғояси G7 мамлакатларининг июнь саммитида илгари сурилган эди. Декабрда нефть учун, февраль ойидан бошлаб эса нефть маҳсулотлари учун чекловлар кучга кириши керак, бироқ газ бўйича ҳали бир тўхтамга келингани йўқ. АҚШ молия вазири Жанет Йеллен Россия нефтининг бир баррелига 60 доллар қилиб нарх белгилашни таклиф қилганди.

Россия Президенти Владимир Путин мазкур ғояга изоҳ берар экан, Москва агар манфаатига тўғри келмаса, хорижга неч нарса экспорт қилмаслигини маълум қилган.

ЎзА