Душанбе, 9 март. ЎзА махсус мухбири Абу Бакр Ўрозов хабар қилади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи доирасидаги музокаралар якунида икки мамлакат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида Дўстлик ва яхши қўшниликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма баёнот, Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномани имзоладилар.
Бундан ташқари, савдо, иқтисодиёт, инвестиция, молия, транспорт ва транзит, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика, солиқ, божхона, туризм, фан-таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлик ҳамда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришга доир жами 27 та ҳужжат имзоланди.
Ушбу салмоқли ҳужжатлар тўплами мамлакатларимиз ва қардош халқларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш учун янги ҳуқуқий асос яратади.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон музокаралар ўзаро ҳурмат, ишонч ва ишчанлик руҳида ўтганини, мазкур тарихий ташриф манфаатли келишувларга эришишда муҳим қадам бўлиб, Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришини таъкидладилар.
– Ушбу тарихий ташриф доирасида Ўзбекистон билан Тожикистоннинг сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика ва бошқа устувор соҳалардаги муносабатларини мустаҳкамлашга доир долзарб масалаларни муҳокама қилдик. Эришилган келишувлар нафақат халқларимиз, балки бутун минтақа учун улкан аҳамиятга эга, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тожикистон раҳбарига атоқли шоир Абдураҳмон Жомийнинг сара асарлари жамланиб, ўзбек тилида чоп этилган «Муҳаббат махзани» китобини совға қилди.
Давлатимиз раҳбари Тожикистон Президентига ўзи учун қулай пайтда мамлакатимизга ташриф буюришни таклиф қилди. Таклиф мамнуният билан қабул қилинди.
Томонлар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшнилик асосида янада мустаҳкамлашга интилишини билдирдилар.
Президентимизнинг Тожикистон Республикасига давлат ташрифи давом этмоқда.