Президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан 12 октябрь куни амалий ташриф билан Остона шаҳрига келди.

Давлатимиз раҳбарини аэропортда Қозоғистон Бош вазири А.Смаилов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

13-14 октябрь кунлари Остонада иккита саммит – Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлислари бўлиб ўтади. Президентимиз уларда иштирок этиб, нутқ сўзлайди.

Саммитлар кун тартибига ўзаро савдони кўпайтириш ва саноат кооперацияси лойиҳаларини илгари суриш, самарали транспорт коммуникацияларини шакллантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш масалалари киритилган.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Президенти ҳамкор мамлакатлар делегациялари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ва кўп томонлама музокаралар ҳам ўтказади.