Президентимизнинг “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 сентябрдаги тегишли баёни ижроси доирасида “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш – халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида “Кексалар ҳафталиги” тадбирлари ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан пойтахтимизда “Устозлар қадр топган юрт” мавзусида ўтказилган тадбир ҳам ана шу ҳафталик доирасида ташкил этилди.

Тадбирга узоқ йиллар давомида оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб борган устоз журналистлар, олий таълим масканларида журналистика соҳаси бўйича ёшларга таълим берган фахрийлар, шунингдек, айни кунларда газета ва журналлар, телерадиоканалларда, интернет нашрларида ёшларга устозлик қилиб келаётган соҳа фидойилари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев медиа соҳани муттасил қўллаб-қувватлаш давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида эканини таъкидлади.

Дарҳақиқат,  мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларда миллий журналистикамиз ривожига улкан ҳисса қўшган устоз журналистларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш масаласига доимий эътибор қаратилаётир. Залворли материаллар тайёрлаш, мавзулар ранг-баранглигини таъминлаш, “устоз-шогирд” анъаналарини ривожлантиришда ёши улуғ журналистларимизнинг  ҳиссалари беқиёс бўлмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад ёши улуғ журналистлар ҳамон катта университет, ибрат, намуна вазифасини ўтаётганини, бу эса миллий масс медиа ривожида алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.

Тадбирда миллий журналистика соҳасига муносиб ҳисса қўшган, бироқ бугун сафимизда бўлмаган устоз журналистлар сиймоси акс этган хотира видеоролиги намойиш этилди.

– Бугун миллий журналистикамиз ривожига кўрсатилаётган эътибор ҳар қачонгидан ҳам юксак, – деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган устоз журналист Солиҳ Ёқубов. – Бу эътибор биз – ёши улуғ ижодкорларни янада катта масъулият билан ижод қилишга ундайди.

Тадбир доирасида бир гуруҳ юбилей ёшига етган устоз журналистлар Ўзбекистон журналистлар уюшмаси совғалари билан тақдирланди. Яна бир гуруҳ журналистларга Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг аъзолик гувоҳномалари тантанали топширилди.

 

Назокат Усмонова,  
Алимурод Мамадаминов (сурат), 
ЎзА мухбири