Пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида Huawei компанияси томонидан маълумотларни қайта ишлаш ва сақлаш марказлари (DPC) ва булутли ҳисоблаш учун технологик ечимларга бағишланган “Euroasia Data Center and Cloud Forum” тадбири бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда барча соҳаларни рақамлаштириш, хизматларни одамларга қулайлаштириш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, юртимиз масофавий хизматлар экспорти бўйича ўзига хос минтақавий хабга айланиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида халқаро талабларга мос илк Датамарказ ташкил қилинди. Жорий йилнинг 27-августь куни Президентимиз ушбу Датамарказнинг очилишида иштирок этган эди.

Мазкур марказ ишга тушиши натижасида давлат идораларининг маълумотларни сақлаш ва техник қўллаб-қувватлашга сарфлайдиган миллиардлаб харажатлари тежалади, аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматлар сифати яхшиланади.

Ушбу тадбирнинг айнан Ўзбекистонда ўтказилиши ҳам бежиз эмас. Евроосиё давлатларидан келган АКТ мутахассислари Ўзбекистонда яратилган энг охирги русумдаги Huawei компанияси Датамаркази мисолида илғор тажрибалар билан таништирилди. Электрон ҳукумат тизимларини жорий этишдаги халқаро трендлар ҳақида фикр алмашдилар.

Тадбир “Евросиё минтақасида рақамли трансформацияни жадаллаштириш учун тўлиқ ҳуқуқли экотизимни биргаликда қуриш” мавзусига бағишланди.

Тадбирни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов “Рақамли Ўзбекистон”ни ривожлантириш борасида эришилган асосий ютуқлар ва давлатимиз томонидан ITсоҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Huawei компаниясининг Евроосиё минтақаси президенти Даниел Чжоу Ўзбекистон рақамли ривожланиш соҳасида сезиларли муваффақиятга эришгани қайд этди. Яқинда эълон қилинган “Электрон ҳукумат” глобал рейтинги бўйича БМТ ҳисоботида Ўзбекистон 18 поғонага кўтарилганини, шунингдек, “Global Innovation Index 2022” рейтингида мамлакат мавқеини 4 поғонага яхшилаганини эътироф этди.

Миллий маълумотлар марказини яратиш бўйича амалга оширилган лойиҳалар бошқа мамлакатлар учун намуна бўлиши айтиб ўтилди.

Шунингдек, форумда рақамлаштиришни ривожлантиришнинг янги имкониятлари, маълумотлар марказларини қуришнинг амалий жиҳатлари, минтақада рақамли трансформацияни тезлаштириш учун сунъий интеллектдан фойдаланиш каби мавзулар ҳам муҳокама қилинди.

Гўзал Сатторова, ЎзА