Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таъкидлашича, Греция бош вазири Кириакос Мицотакис Афинанинг Анқарага қарши туриши учун АҚШдан ёрдам сўрамоқда, унинг айтишича, Туркия ҳукумати миллий манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўради.

Аввалроқ Kathimerini нашри Греция ҳукуматининг расмий вакили Иоаннис Иконом берган маълумотга таяниб, Мицотакис шу ҳафтада Прагада Эрдоған билан учрашишга тайёр, дея хабар тарқатган эди.

Туркия етакчиси Анқарадаги Хожи Байрам Вали университети конгресс марказида сўзга чиқиб, Эгей ва Ўртаер денгизида грециялик ҳарбийлар томонидан мигрантлар ўлимга ташлаб кетилгани билан боғлиқ ҳаракатлари ҳақида сўзлади.

«Таассуфки, бу одамларнинг фожиасидан дунё сукут сақламоқда, кўрмасликни маъқул кўрмоқда. Қўшимча равишда Греция АҚШдан ёрдам сўрамоқда. Кимга қарши? Туркияга қарши! Афина қандай қадам ташламасин, Анқара ўзининг миллий манфаатлари учун барча чораларни кўради», – дея келтиради Эрдоғаннинг сўзларини Anadolu агентлиги.

Туркия билан Греция муносабатлари 23 августдан кейин кескинлашди. Анқаранинг баёнот беришича, ўшанда Туркиянинг F-16 самолёти НАТО топшириғи бўйича Эгей денгизида парвоз қилаётган пайтда Крит оролида жойлашган Греция ҳарбий ҳаво кучларига қарашли С-300 ЗРК радарлари томонидан «ушланган». Туркия ҳукумати Греция самолётларининг Туркия самолётини таъқиб қилиши масаласини НАТО даражасида кўтариб чиқиш ниятини билдирган.