Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчихонасида бўлиб ўтган “O’zbekistonlik” номли халқаро форум доирасида чет эллардаги кўзга кўринган ўзбекистонликлар ҳақида ҳикоя қиладиган шу номли фильмнинг иккинчи қисми тақдимоти ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси , “Orient Group” компанияси, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда “Uzbekistan Airways” ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда икки юздан зиёд ҳамюртларимиз – ишбилармонлар, ижодкорлар, шунингдек европалик дипломатлар ва экспертлар иштирок этди.

Ушбу форум чет элда яшаб, меҳнат қилаётган, турли ютуқларга эришган ватандошларимизни жипслаштиришга ёрдам беради, мамлакатимиз интеллектуал ва иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш йўлида хориждаги ватандошлар ва юртимиз ўртасида ҳамкорлик кўпригини барпо этиш имконини беради.

Тадбирда Орол орзуси лойиҳасининг халқаро PR-дастури тақдим қилинди. Бунда тадбир меҳмонлари Оролбўйи ҳудудидаги муаммоларни ҳал этишнинг инновацион ечими ҳақида талай маълумотга эга бўлишди.

Шунингдек, форум иштирокчилари эътиборига Орол муаммосига бағишланган қисқа метражли “Sho’rxok” фильми ҳамда Ўзбекистон халқ артисти Женисбек Пиязов ва “Орзулар ороли” лойиҳаси доирасидаги «Электрооко» гуруҳининг “Ertangi Kun” видеоклипи ҳам намойиш этилди.

Анжуман якунида режиссёр Мухлиса Азизова томонидан суратга олинган “O’zbekistonlik” фильмининг иккинчи қисми тақдим этилди. Мазкур кино асари икки ватандошимизнинг чет элдаги қийин ҳаёт йўли ва эришган ютуқлари ҳикоя қилади. Дмитрий Богданов дастлаб Тошкентда, сўнгра Берлинда “космик технологиялар” бўйича таҳсил олган. Бугунги кунда у машҳур миллиардер Илон Маскнинг “Space X” компаниясига сунъий йўлдошлар етказиб беради. Фильмда шунингдек, навоийлик Муштарий Шарифова ҳақида ҳам ҳикоя қилинади. Ўзбекистонда ва Берлинда бизнес-менежмент бўйича таҳсил олган бу ўзбек қизи бугун “Tesla” компаниясида ишлаётган биринчи қиз ҳисобланади.

 

Роман БОНДАРЧУК, ЎзА