Фармон ва ижро

Пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида «Data Center and Cloud Forum» Евроосиё форуми бўлиб ўтди.

“Huawei” компанияси ва Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги “Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасаси билан ҳамкорликда ташкил этилган форумда маҳаллий ва хорижлик масъуллар ҳамда мутахассислар иштирок этди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов, “Huawei” компаниясининг Евроосиё минтақаси президенти Дэниел Чжоу ва бошқалар “Рақамли Ўзбекистон”ни ривожлантириш борасида эришилган асосий ютуқлар ва давлатимиз томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда бу борада эришилган натижаларни алоҳида таъкидлади.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу ишларни тизимли ташкил этишда муҳим ҳуқуқий асосдир. Бугунги кунда республикамизда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш, барча тармоқлар ва соҳаларда, энг аввало, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш борасида комплекс чора-тадбирлар кўрилаётир. Жумладан, бу жараёнда электрон ҳукумат тизимини такомиллаштириш, дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологияларининг маҳаллий бозорини янада ривожлантириш, республиканинг барча ҳудудларида IT-паркларни ташкил этиш ҳамда малакали кадрлар тайёрлашга асосий эътибор қаратилмоқда.

Ушбу форум доирасида булутли ҳисоблаш ва маълумотлар марказларини қуриш, булутли ҳисоблаш учун технологик ечимлар масалалари муҳокама этилди. Маълумот ўрнида, булутли ҳисоблаш электрон ҳисоблаш хизматларини компьютер тармоқлари орқали етказиб беришдир.

“Huawei” компаниясининг Евроосиё минтақаси президенти Дэниел Чжоу Ўзбекистон рақамли ривожланиш соҳасида сезиларли муваффақиятга эришганини, БМТ яқинда эълон қилган «Электрон ҳукумат»ни ривожлантириш глобал рейтинги бўйича Ўзбекистон 18 поғонага кўтарилганини таъкидлади.

– Ўзбекистон глобал рақамли тенденция доирасида муваффақиятли ривожланиб, давлат хизматларининг рақамли трансформациясини жадаллаштиришга фаол сармоя киритмоқда. Ягона маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказининг яратилиши билан Ўзбекистонда мутлақ имкониятларга эга маълумотлар марказларининг янги даврига эшик очилди. Миллий маълумотлар марказини яратиш бўйича амалга оширилган лойиҳа бошқа мамлакатлар учун намуна бўлди, – деди Дэниел Чжоу.

“Маълумотлар маркази ва булутли форум” Евроосиё форуми доирасида «Евроосиё минтақасида рақамли трансформацияни жадаллаштириш учун тўлиқ ҳуқуқли экотизимни биргаликда қуриш” мавзуида стратегик сессияси ҳам ўтказилди. Унда маълумотлар марказларини лойиҳалаш, қуриш ва улардан фойдаланиш, булутли хизматларни тақдим этиш ва ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш учун профессионал платформага айланди.

– Жорий йилнинг 27 август куни Ўзбекистонда илк бор “Электрон ҳукумат” ахборот тизимларини сақлаш ва қайта ишлаш ягона маркази ишга туширилди, – деди “Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасаси директори Азиз Муҳиддинов. –Ушбу лойиҳа Ўзбекистон ҳукуматининг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини рақамли ўзгартиришни амалга ошириш борасидаги қатъий иродаси туфайли амалга оширилди. “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси қабул қилинганидан буён мамлакатда аҳоли ҳаётини янада рақамли қилиш учун давлат хизматларини яхшилаш ва АКТ инфратузилмасини мустаҳкамлаш борасида катта қадам ташланди. Ушбу маълумотларни қайта ишлаш марказининг улкан қувватига эга бўлиши эса давлат учун катта имкониятлар эшигини очади. Электрон ҳукумат булути стандартлаштирилган, мослашувчан, ишончли ва хавфсиз булут хизматларини тақдим этиш учун ривожланишда давом этади, давлат органлари учун рақамли ресурсга айланади ва бўлимлар ўртасида самарали маълумотлар алмашинувини таъминлайди. Бугунги илғор веб-асос, булут ва ҳисоблаш технологияларидан фойдаланишни ҳисобга олсак, бу янги иқтисодий қиймат яратишга ёрдам беради.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “Huawei” компанияси Ўзбекистонда 23 йилдан ортиқ вақтдан бери фаолият юритиб, мамлакатнинг АКТ инфратузилмасини мустаҳкамлаш бўйича давлат муҳим лойиҳаларида, жумладан, бешинчи авлод тармоқларини жорий этиш ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш лойиҳаларида иштирок этиб келмоқда. 2022 йил 23 май куни “Huawei” компанияси мамлакатимизнинг булутли технологияларни жорий этиш ва рақамли салоҳиятини ривожлантиришда технологик ҳисса қўшиш мақсадида «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасаси билан ўзаро англашув меморандумини имзолаган.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА