“Астана” халқаро илмий мажмуаси иқтисодий тадқиқотлар институти раҳбари Мейрам Кажикен номзоди Қозоғистон Республикаси Президенти лавозимига кўрсатилди. Унинг номзоди Қозоғистон Республикаси “Аманат” Қозоғистон касаба уюшмалари ҳамдўстлиги” томонидан илгари сурилгани айтилмоқда.
«Казинформ» агентлигининг ёзишича, Мейрам Кажикеннинг ўзи ҳам ушбу хабарни тасдиқлаган. У шунингдек, энди Марказий сайлов комиссиясига бориб ҳужжатларни расмийлаштириш билан шуғулланишини айтган.
Аввалроқ “Ауил” халқ демократик ватанпарвар партияси ҳам ўзининг илк номзодини Қозоғистон Республикасининг навбатдан ташқари президент сайловига кўрсатгани ҳақида маълум қилган эди. Партиянинг навбатдан ташқари XX съездида делегатлар Жигули Дайрабаевнинг номзоди учун овоз берганди.
1 октябрда эса Умуммиллий социал-демократик партиясидан Нурлан Ауесбаевнинг президентликка номзоди илгари сурилди.
Қозоғистон Республикаси Президентининг навбатдан ташқари сайлови 20 ноябрда бўлиб ўтади.