Ўзбекистонда гендер тенгликда бўйича туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари тенглиги Конституциянинг 46-моддасида аниқ қилиб белгиланишидан мақсад, унинг амалий аҳамияти ва зарурати ҳақида таниқли эксперт, сиёсий фанлар номзоди, Феруза УСАРОВА қуйидагича фикр юритди.

— Гендер тенглик мавзуси кўп йиллар давомида муҳокамалар, тортишувлар, мунозараларга сабаб бўлиб келган. Афсуски, ўтган ўн-йигирма йиллар давомида гендер тенглик масаласи, аёлларнинг муаммолари, орзу-умидлари, жамиятдаги роли ва ўрни фақат тилда ҳамда ҳисоботларда ёзилиб келинарди. Бу одатий ҳолатга ҳам айланиб улгурганди, десак ҳам бўлади. Аёлларимиз, айниқса, қишлоқдаги хотин-қизларимизни асосан пахта далаларида — меҳнатда кўриш мумкин эди. Хотин-қизларимизга фақат уй юмушлари, рўзғор юритувчи, фарзанд тарбияловчи сифатида қаралиб, аёлларга муносабат шу билан чекланиб қолинарди. Бошқарувда ёки раҳбарликка аёлларни тайинлаш ўта мураккаб масала эди.

Ниҳоят мазкур соҳада муҳим ва долзарб қадам қўйилмоқда. Аниқроғи, хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари тенглиги Конституциянинг 46-моддасида аниқ қилиб белгиланмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил июнь ойида Олий Мажлис Сенатидаги нутқида шундай деган эди: “…бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак». Яъни сўз нафақат аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш, балки хотин-қизларнинг алоҳида мақоми ва уларга нисбатан ҳурматини тиклаш ҳақида бормоқда.

Мана 5-6 йилдирки, аёлларимиз жамиятнинг барча соҳаларида фаол иштирок этиб, давлат ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиб келаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Бугун Ўзбекистонда гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид 25 та қонунчилик ҳужжати қабул қилинди. Жумладан, ўтган йилда 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланди. Бундан ташқари, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия, Олий Мажлиси Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди.

Ўзбекистон тарихида илк маротаба парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етиб, қарийб 32 фоизга етди ва дунёдаги 190 та парламент орасида 37-ўринга кўтарилди.

Бошқарувда ҳам аёлларимиз сезиларли даражада кўпайди. Масалан, бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга, партияларда 44 фоизга, олий таълимда 40 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етди.

Алоҳида эътибор бериш керакки, хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, улар билан манзилли ишлаш мақсадида «Аёллар дафтари» тизими ҳам ўзини тўлиқ оқлади ҳамда кўпгина аёлларнинг ҳаётида туб бурилиш ясади, десак муболаға бўлмайди. Ҳатто, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи аёллар учун гўзаллик салонлари контейнерлари етказиб берилмоқда.

Маълумотга кўра, ҳар бир контейнерда 7 нафардан аёл ишлайди ва бу орқали «Аёллар дафтари»даги фуқароларнинг 350 нафари иш билан таъминланади. Шунинг учун ҳам «Аёллар дафтари»га давлат бюджетидан ҳар йили 300 млрд. сўм маблағ ажратиб бориш йўлга қўйилди.

Хулоса қилиб айтиш керакки, мазкур ўзгартиш халқаро меъёр ва стандартларга тўлиқ мос келади ҳамда Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада жадаллаштиришга, бардавом бўлишига хизмат қилади.

Киритилаётган 46-модда хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ, имкониятларни таъминлайди ва мустаҳкамлайди. Энди ҳеч бир аёлнинг муаммоси четда ва эътиборсиз қолмайди.

ЎзА