Жорий йил 20-23 сентябрь кунлари Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов бошчилигидаги делегация Грузия Республикасида амалий ташриф билан бўлиб қайтди.

Грузияга ташрифнинг дастлабки тадбири иккала мамлакат божхона хизмати раҳбарларининг учрашуви бўлди.

Божхона статистикасига кўра, иккала мамлакат ўртасидаги ташқи савдо айланмаси мунтазам равишда кенгайиб, 2022 йилнинг 8 ойи давомида 127,4 миллион долларни ташкил қилган. Бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан 45 фоизга ошган. Биргина шу йилнинг ўзида юртимизда Грузия капитали иштирокида 7 та корхона ташкил этилиб, умумий ҳисобда уларнинг сони 69 тага етди.

Грузиядан асосан фармацевтика маҳсулотлари ва минерал ичимлик сувлари импорт қилинаётган бўлса, мамлакатимиздан ушбу давлатга рангли металлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари кўпроқ экспорт қилинмоқда. Ваҳоланки, мавжуд салоҳият инобатга олинса, ишга солинмаган имкониятлар ҳали жуда кўп.

Сўнгги бор иккала мамлакат божхона хизмати ўртасида бундан 21 йил муқаддам ўзаро ҳужжат имзолангани инобатга олинса, ўзаро ҳамкорликни “уйқу” режимидан фаол босқичга ўтказишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Грузия Молия вазирлигининг Даромадлар хизмати раҳбари Леван Какава Ўзбекистонда божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди.

Нега айнан Грузия?

Давлат божхона қўмитаси раиси Грузия божхона назорати тартиботларини соддалаштириш ва рақамлаштиришда қисқа муддатда туб ўзгаришлар қила олгани билан алоҳида аҳамиятга эга мамлакат ҳисобланишини таъкидлади. Шу жиҳатдан мазкур давлат қўлга киритган тажриба ва ютуқларни ўрганиш, ўзлаштириш муҳим аҳамиятга эга.

Жумладан, мамлакатда божхона божи ставкалари оптималлаштирилган, божхона расмийлаштируви учун талаб қилинадиган ҳужжатлар сони 54 тадан 2 тага туширилган, чегара ўтказиш пунктларида аввалгидек, 8 та эмас, атиги 2 та давлат идораси фаолият кўрсатади. Коррупцияга элтувчи барча омиллар бартараф этилган.

Учрашувда томонлар божхона тизимларидаги янгиланишлар бўйича кўргазмали тақдимотларни амалга оширишди ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг муҳим масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбир якунида эса Божхона соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш бўйича Ҳамкорлик меморандуми ҳамда Ахборотларни олдиндан алмашиш бўйича Баённома имзоланди.

Давлат чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида дастлабки маълумотлар алмашинувини ташкил этиш тўғрисидаги мазкур баён божхона расмийлаштируви вақтини қисқартириш, жараёнларни соддалаштиришга хизмат қилади.

Шунингдек, божхона соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қўшаётган ҳиссаси учун Леван Какава “Ўзбекистон божхона хизматига 30 йил” эсдалик нишони билан тақдирланди.

“Тбилиси” божхона расмийлаштируви зонаси –

барча хизматлар бир нуқтада!

Ташрифнинг навбатдаги манзили “Тбилиси” божхона расмийлаштируви зонаси бўлди.

Грузияда божхона идоралари Молия вазирлигининг Даромадлар хизмати таркибида Божхона департаменти шаклида ташкил этилган.  Департамент тасарруфида жами 20 та чегара божхона назорати ўтказиш пункти ва 5 та божхона расмийлаштируви зоналари мавжуд.

“Тбилиси” божхона расмийлаштируви зонаси департамент таркибидаги мустақил таркибий тузилма ҳисобланади ва бу ерда божхона расмийлаштируви билан боғлиқ барча хизматлар кўрсатилади.

Аҳамиятлиси шундаки, бу ерда божхона юк декларацияларини тўлдириш билан боғлиқ божхона брокерлари ва декларантларнинг функциялари бевосита божхона ходимларига юклатилган.

Айниқса, дастлабки декларациялаш тартиботлари соддалаштирилиб, бу турдаги декларацияларни тақдим этиш тартиботини рағбатлантириш учун йиғимлар ҳам пасайтирилган.

Зонада йил бошидан буён расмийлаштирилган 15 мингдан ортиқ декларацияларнинг  50-54 фоизи “яшил”, 34 фоизи “қизил” ва қолганлари “сариқ” ҳамда “кўк” йўлакларга йўналтирилган.

Хизматлар асосан “ASYCUDA” ахборот тизими ва “ORACLE” хавфларни бошқариш электрон платформаси орқали кўрсатилади.

Қайд этиш жоизки, 2018-2019 йилларда Ўзбекистон божхона хизмати органлари фаолиятига “Хавфларни бошқариш” тизимини жорий қилишда грузиялик консультант ва экспертларнинг тажриба ва тавсиялари алоҳида инобатга олинган.

ДБҚ раиси декларацияларнинг расмийлаштирилиши жараёнларини яқиндан кўздан кечирди. Шу ернинг ўзида масъулларга илғор тажрибаларни пухта ўзлаштириш юзасидан топшириқлар берди.

Божхона расмийлаштирувида автомобиллар кўрикдан ўтказилмайди!

Давлат божхона қўмитаси делегацияси Рустави шаҳридаги автотранспорт воситаларини расмийлаштиришга мўлжалланган марказ билан яқиндан танишди.

Марказ фаолияти “ягона ойна” тамойилига асосланади ва барча идоралар хизматлари ягона ахборот тизимига жамланган. Жумладан, автотранспорт воситаларининг импорти, экспорти, реэкспорти каби божхонага доир хизматлар ҳам.

Автотранспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви учун ягона тўлов ставкаси (ишлаб чиқарилган йили ва двигатель хажмига қараб) жорий этилган.

Бу жараёнда хизматлар анча қулай кўринишга келтирилган. Масалан, хорижий автотранспорт воситасини эркин муомалага чиқариш учун 17 та банддан иборат соддалаштирилган декларация тўлдирилса, кифоя.

Транспорт воситаларни техник кўрикдан ўтказиш давомида полиция хизмати томонидан планшетлар орқали транспортга оид киритиладиган маълумотлар божхона органларига ҳам автоматик келиб тушади. Шу боисдан божхона расмийлаштируви жараёнида автотранспортни кўрикдан ўтказишга ҳожат қолмайди.

“Ҳайдовчи, машинадан тушишингиз шарт эмас!”

ДБҚ раиси Акмалхўжа Мавлонов бошчилигидаги делегация Грузия-Арманистон чегарасидаги “Садохло” чегара божхона постида бўлди.

2018 йилда ҳозирги замонавий кўринишга келтирилган мазкур постда божхона ходимлари 4 та сменада хизмат олиб боришади. Постда фақатгина божхона ва патрул полицияси фаолият кўрсатади.

Ветеринария, фитосанитария, экология, санитария эпидемиология, суғурталаш, транспорт идораларининг функциялари эса тўғридан тўғри божхона идораларига юклатилган.

Хизмат кўрсатиш қулай ва соддалаштирилган тартибда йўлга қўйилганки, пост орқали ҳаракатланаётган ҳайдовчининг машина салонидан тушишига ҳожат қолмайди.

Ҳайдовчи транспортни тарк этмаган ҳолда ҳужжатларни ходимга ойна орқали тақдим этади ва расмийлаштирилган ҳужжатлар 5 дақиқа оралиғида ҳайдовчига қайтарилади.

Мазкур пост орқали бир кунда ўртача 700-750 та юк ҳамда 2500-3000 та енгил автоуловлар ҳаракатланади.

ДБҚ раиси постдаги ҳар бир жараённи синчиклаб кўздан кечирди, пост ходимлари ва ҳайдовчилар билан суҳбатлашиб, қизиқтирган саволларига жавоблар олди.

Ҳайдовчилар билан мулоқотдан маълум бўлишича, Грузия божхона тизими содда, қулай ва тезкорлиги билан яққол фарқланиб туради.

Бир сўз билан айтганда

ДБҚ раисининг Грузияга ташрифи учрашув ва музокаралар столидан кўра кўпроқ амалий аҳамият касб этди.

Божхона зоналари ва постларида бир неча соатлаб давом этган танишув жараёнларида божхона тартиботларининг янги ва замонавий усулларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ишонамизки, мазкур ташриф нафақат иккала мамлакат ўртасида божхона ҳамкорлигининг ривожланишига, ташқи савдо айланмаси кенгайишини рағбатлантиришга, қолаверса, Ўзбекистон божхона хизмати учун истиқболда ёрқин ғоялар манбаи бўлишига хизмат қилади.

 

Ҳусан Тангриев,

Давлат божхона қўмитаси

матбуот хизмати раҳбари в.б.

ЎзА