Давлат экология қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда навбатдаги 250 дона замонавий планшет ҳудудлардаги инспекторларга топширилди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан соҳани рақамлаштириш йўналишида ҳам муҳим қадамлар қўйилмоқда. Босқичма-босқич амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида тизимда инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда самарали фаолият юритиш имконияти яратилаётир.

Мазкур жараёнда ҳудудий бошқармаларни ва давлат экология инспекторларини замонавий планшетлар билан таъминлаш, уларнинг ишини тобора қулайлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбирда қўмита раиси Н.Обломурадов мамлакатимизда экология ва атроф-муҳит масаласига устувор вазифалардан бири сифатида эътибор қаратилаётган бир пайтда соҳанинг ривожи бевосита замонавий технологиялардан самарали фойдаланишга ҳам боғлиқ эканини таъкидлади. Қўмита томонидан амалга оширилаётган ҳозирги кенг кўламли ишлар жараёнида тизимни рақамлаштиришга, ходимларнинг илғор технологиялар билан фаолият юритишларига диққат-эътиборда эканлигини қайд этди.

Тадбир давомида ташкил этилган семинарда мутахассислар томонидан планшетлардан фойдаланиш ва ҳудудларда самарали иш ташкил этиш бўйича инспекторларга ҳамда Қўмитада малака ошираётган ҳудудий бошқармаларнинг ёш ходимларига зарур тавсиялар берилди.

– Планшетлар ўзининг имкониятлари ва қулайликлари билан ажралиб туради, – дейди Давлат экология қўмитасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекцияси бош мутахассиси Дилшодбек Холматов. – Воқеа содир бўлган жойнинг ўзида ҳуқуқбузарликни қайд этиш ва ҳуқуқбузарларга тегишли маъмурий қарор, жарима тўлов варақасини юборишда бу анча қулайлик яратади. Шунингдек, ноқулай шароитларда ишлаш, маъмурий иш ҳужжатларини яратиш вақтини қисқартириш ва осонлаштириш, маъмурий баённома тузиш пайтидаги ҳудуднинг геолокация маълумотларини сақлаб қолиш муҳим. Шунингдек, ҳуқуқбузар ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини бевосита фото/видео тасвирга олиш, табиатга етказилган зарар миқдорини автоматик ҳисоблаб чиқариш, маъмурий жарима суммаларининг тўлови тўғрисида хабардор қилиб бориш ҳам планшетларнинг замонавий имкониятлари сирасига киради.

 

ЎзА