Узоқ йиллар давомида Тошкент шаҳри каналлари эътибордан четда қолиб, экологик ҳолати ачинарли бўлиб қолган ҳамда каналлар атрофи ўзбошимчалик билан ўзлаштирилиб, ноқонуний қурилишлар амалга оширилган, бу эса турли ноқулайликларни юзага келтирган эди.

Шаҳар каналлари тозаланиб, атрофини ободонлаштириш мақсадида тегишли қонун асосида Тошкент шаҳридан ўтадиган каналлардан фойдаланиш ва бошқариш ҳамда уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш тизими яратилди.

Бугунги кунда пойтахтда жами 128 та канал ва коллекторлар мавжуд бўлиб, уларнинг 16 таси магистрал, 24 таси хўжаликлараро, 80 таси хўжалик ички каналлари ҳамда 8 таси коллекторлардан иборат. Уларнинг умумий узунлиги 403 км. Бундан ташқари, Тошкент вилоятидан шаҳар ҳудудига қўшилган ҳудудларда жами 88,5 км узунликдаги 19 та хўжаликлараро каналлар ҳам мавжуд.

Каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Абдулазиз Исроиловнинг қайд этишича, бугун асосий эътибор аҳоли дам олиши ва маданий ҳордиқ чиқариши учун қулай шароит яратиш мақсадида каналлар атрофини ободонлаштиришга қаратилмоқда. Хусусан, Қорақамиш коллекторининг Юнусобод тумани Кичик ҳалқа автомобиль йўлидан Барака кўчасигача бўлган 1,4 км қисмида ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, қирғоқ бўйи ҳудудида сайилгоҳ ташкил этилди.

Хусусан, пиёдалар учун кўприклар, болалар ўйингоҳи ва спорт майдончалари, велосипед йўлаги, фаввора барпо этилди. Ўриндиқлар, шахмат столи, чархпалак ўрнатилди. Дарахтлар экилиб, чимлар ётқизилди. Шу билан бирга, Қорасув каналининг Мирзо Улуғбек, Яшнобод ва Миробод туманлари ҳудудидан ўтган жами 4,9 км қисми, Анҳор каналининг Муқимий кўчасидан Чўпонота кўчасигача бўлган 1,7 км қисми, Салар каналининг Бобур кўчасидан Кичик ҳалқа автомобиль йўлигача бўлган 2,4 км қисмида ободонлаштириш ва сайилгоҳ ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, Учтепа туманидан оқиб ўтувчи Бўзсув каналининг Фарҳод кўчасидан Кичик ҳалқа автомобиль йўлигача бўлган 3,5 км қисми, Жун каналининг Янгиҳаёт тумани Катта ҳалқа автомобиль йўлидан Сергели-1 бекатигача бўлган 1,7 км қисми, Катта Калкауз каналининг Шайхонтоҳур тумани Анҳор бўйи кўчасидан Тахтапул кўчасигача бўлган 1,4 км қисми, Олмазор туманидан оқиб ўтувчи Дамаши каналининг Сағбон кўчасидан Кичик ҳалқа автомобиль йўлигача бўлган 3,4 км қисмида ободонлаштириш ва сайилгоҳ ташкил этиш бўйича лойиҳалаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА