Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида спорт курашлари бўйича Осиё чемпионати якунланди.
Мазкур мусобақада спорт курашлари бўйича Ўзбекистон терма жамоаси тўртта олтин, бешта кумуш ва олтита бронза медални қўлга киритди.
Юнон-рум кураши бўйича ўтказилган баҳсларда 63 килограммгача бўлган вазн тоифасида Елмурат Тасмурадов олтин медални қўлга киритган бўлса, Рустам Ассакалов, Мўминжон Абдуллаев кумуш, Ислом Баҳромов, Мирзобек Раҳматов, Арам Варданян бронза медалга сазовор бўлди.
Шунингдек, аёллар курашида 59 килограммгача вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Набира Есенбаева шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой олди.
Эркин кураш беллашувларида барча рақибларини мағлубиятга учратган Ихтиёр Наврўзов, Магомед Ибрагимов ҳамда Давит Модзманашвили ўз вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллади.
Финалгача бўлган учрашувларда зафар қучган Маҳмуджон Шавкатов ва Рашид Қурбонов терма жамоамизга кумуш медални келтирди.
Ўз вазн тоифасида Аббос Раҳмонов, Темур Усмонохунов, Азиз Солиев учинчи поғонани эгаллади.
Чемпионат якунида Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллади.