Туркия ва Украина Президентлари Режеп Таййип Эрдоған ва Владимир Зеленский ҳамда Бирлашган Миллатлар Бош котиби Антониу Гутерриш Львовда уч томонлама учрашувда Украинадаги можарога барҳам беришнинг мумкин бўлган йўлларини муҳокама қилишди. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги хабар берди.

“Уч томонлама учрашувдаги бош мавзу инқироз қандай якунланиши мумкинлиги ҳақида бўлди”, деди Эрдоған журналистлар билан суҳбатда. У можаро дипломатик музокаралар йўли билан якунланиши кераклигига ишонч билдирди.

Шунингдек, Туркия етакчиси халқаро ҳамжамиятни Украинадаги инқирозни ҳал қилиш учун кўпроқ ҳаракат қилишга чақирди. Ўз навбатида Анқара Россия ва Украина можаро томонлари ўртасидаги музокараларнинг Истанбул жараёнини қайта тиклашда ёрдам беришга тайёрлигини қўшимча қилди.

Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба “Львовдаги учрашувда дон йўлаги, Запорожье атом станцияси ва украиналик маҳбусларни озод қилиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди”, деб маълумот берди.

Унинг фикрича, “кўп муаммоларни дипломатия йўли билан ҳал қилиш Зеленский, Эрдоған ва Гутерришнинг мувофиқлаштируви ва қарорларига боғлиқ”. Шунингдек, энг муҳими БМТ Бош котиби ва икки Презедентнинг ўзаро бир-бирларини яхши тушунишлари музокараларнинг самарали бўлишига олиб келди, деб қайд этди вазир Кулеба.

Аброр ХОН, (ЎзА)