Бугун мамлакатимизга ташриф буюрадиган ҳар бир сайёҳ ушбу бино қаршисига келганда бир зум тўхтаб, унинг гўзаллигига мафтун бўлиб қолади.

Ичкарига кириб томоша қилиш истаги пайдо бўлганда эса улар чорасиз.

Туризм соҳасини ривожлантириш, мамлакатимизга келаётган меҳмонлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида Ўзбекистонда салмоқли ишлар амалга оширилиб келинади. Аммо, бугун князь Романов саройининг йиллар мобайнида ёпиқ бўлиб қолаётгани туристлар учун ҳам, ўзбекистонликлар учун ҳам мавҳум бўлиб қолмоқда.

Бу юзасидан изоҳ сўраб, ОАВ ходимлари ҳар йили бир қўзғалишади. Масъуллар эса “тез орада очилади”, “ана очилади, мана очилади“ деган баҳона билан вазиятдан қуруқ чиқиб келишади. ГИДлар меҳмонларнинг сарой нима сабабдан ёпиқлиги ҳақидаги саволлари олдида ожиз қолишади. Ёки улар масъулларнинг ҳар йилги берадиган ваъдасига таяниб, қароргоҳнинг тез орада очилиши ҳақида лоф сўзлайдилар.

Николай I нинг набираси бўлган Николай Константинович Романов ўз вақтида Романовлар уйининг “темир ниқоби” деб ном чиқарган, ҳаёти эса зиддият ва жумбоқларга тўла бўлган. У Туркистон ўлкасига сургун қилингач, умрининг охиригача шу ерда яшаган. Айрим манбаларда вафоти олдидан, у ўз уйини Тошкент музейига айлантириш шарти билан шаҳар аҳолисига ҳадя сифатида қолдиргани қайд этилади.

Ҳозирги пайтда князь  коллекциясидаги мармар ҳайкаллар, суратлар бугунги кунда Ўзбекистон Санъат музейида сақланиб келинмоқда.  Унинг номи билан боғлиқ ўзига хос тарихий бинонинг бугунги ҳолати айни дамда нафақат бизни, балки кўплаб сайёҳларни қизиқтирмоқда. Ана шундай томошабоп маскан 1891 йилда (машҳур архитектор А. Л. Бенуа ҳамда В. С. Гейнцельман лойиҳаси асосида) “модерн” услубида қурилган.

Нақшинкор панжаралар, арк шаклидаги деразалар, минора ва бошқа унсурлар бинога ўзгача кўрк бериб турибди. Князь ов ишқибози бўлганлиги боис унинг қароргоҳига кираверишда иккита қора рангли овчи итлар ва бронзадан ясалган буғу ҳайкаллари жойланган. Бино орқа томонидан боққа чиқадиган йўл бўлиб, боғни тошкентлик машҳур ботаник ва фармацевт И. И. Краузе яратган. Нимқоронғи бўлиб турган ертўлада Тошкент иссиқ бўлган вақтларда князь салқинда дам олган.

Икки қисмдан иборат бинонинг ўнг қанотида князь, чап қанотида рафиқасининг хонаси бўлган. Тасвирий ва амалий санъатнинг европа ҳамда ўзбек миллий уйғунлашуви шу қадар маҳорат билан акс этганки, киши эстетик завқ олиш билан бир қаторда бир лаҳзага ўзини тарихий даврларга тушиб қолгандек ҳис этади, яъни унда саройнинг бошқа хонасини кўришга бўлган иштиёқ пайдо бўлади.

Князь 1918 йилда зотилжамдан вафот этгач, унинг саройи бадиий музейга айлантирилади. Шунингдек, у ҳаётлигида тўплаган ва Санкт-Петербургдан келтирилган Европа ҳамда рус рассомлари мўйқаламига мансуб картиналар коллекцияси эса 1919 йилда Тошкентда санъат музейини ташкил этилишига туртки бўлганлиги, 1940-1970 йилларда ушбу қароргоҳдан Республика пионерлар саройи, 1980-йилларда Ўзбекистон заргарлик буюмлари ва антиквариат музейи сифатида фойдаланилгани айтилади.

Кейинчалик, саройдан Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазирлигининг қабул уйи сифатида фойдаланилган.  2018 йилда Николай Романов қароргоҳи шаҳар ҳокимияти ихтиёрига ўтказилган.

2019 йилнинг январь ойида ўтказилган матбуот анжуманида Маданият вазири ўринбосари (ўша пайтдаги) “Княз Романов саройини қайтадан музейга айлантириш режалаштирилаётгани, бино реставрация қилингач, Романовнинг ноёб коллекцияси жойлаштирилиши, бу Ўзбекистон аҳолиси учун ҳам, хорижий меҳмонлар учун ҳам қизиқарли, ноёб сайёҳлик объекти бўлиши мумкинлиги, бу йўналишда ишлар олиб борилаётгани” ни таъкидлаган.

Ўтган йили (2021 йил 2 октябрь) эса Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси уюштирган матбуот анжуманида, “сарой реставрация лойиҳасига Германиянинг “Atelier Brückner GmbH” студияси мутахассислари жалб қилингани, амалдаги реконструкция жараёнида хоналар ва архитектуранинг кўринишини бузаётган кондиционерлар ва бошқа тизимларни олиб ташлаш кўзланаётгани, шу мақсадда Тошкентдаги Форумлар саройи ва «Миллий» стадиони устида ишлаган “Werner Sobek” компанияси жалб қилингани, компания мутахассислари бинонинг тарихий тузилмасини бузмаган ҳолда ҳаво алмаштириш, иситиш, намликни назорат қилиш ва ёнғинни ўчириш тизимларини жорий қилиш” и айтилди.

Дабдабали саройнинг реставрациясига оид шу каби қатор ваъдалар амалга ошса, Ўзбекистон санъат музейи коллекциясида сақланаётган 500 та экспонат, авваллари саройни безаб турган мармар ва бронза ҳайкаллар,  120 та тасвирий санъат асари, 75 та ҳайкал ва 20 дан ортиқ мебел жиҳозлари ҳам  саройга қайтарилиши керак эди.

“Романовлар саройининг реставрация қилиниши ёшларнинг ўз шаҳри тарихига эътиборини оширади, ёшларни унинг маданияти ва санъатига жалб қилади”, – дея баёнот берган эди ўшанда матбуот анжуманида, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов.

Орадан вақт ўтди. Бироқ, реконструкция учун ким ёки қайси ташкилот томонидан қанча миқдорда маблағ ажратилгани, кўзланган лойиҳаларнинг шу кунгача неча фоизи амалга ошиб, қанчаси ҳали амалга оширилаётгани ҳақида шу кунгача очиқланмади.

Қолаверса, ЎзА сарой ичкарисида бўлиб, у ерда реконструкция ёки реставрация қилинаётгани ёки (ўз хизмат бурчини бажараётган икки нафар қўриқчини айтмаса) бошқа бирон бир хонада усталарнинг ўз иши билан андармонлигига гувоҳ бўлмади.
Ҳолбуки, қароргоҳ шунчаки коллекция ва жиҳозлардан бўшатиб қўйилган холос, ҳали ҳеч қандай иш бошланмаган деган фикрга келиш мумкин.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби  Турсунали Қўзиев ЎзА мухбири билан бўлган суҳбат давомида, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан реставрация лойиҳаси учун маблағ ажратилгани, бу очиқ маълумотлиги, Романов  саройи нафақат ҳамюртларимиз ва ёшларнинг тарихий маданиятини шакллантириши мумкин бўлган маданий мерос, балки реставрация қилинса, жуда катта туристлар оқимини юзага келтириши мумкин бўлган томошабоп музей бўлиши ҳам мумкинлигини таъкидлайди.

Мадомики, маблағ ажратилган экан, у ҳолда нега сарой реставрация лойиҳаси ҳанузгача тайёр эмас? Ёки лойиҳа тайёр бўлмай туриб, маблағ ажратилганмикан?
Бу борадаги саволларимиз жавоби ҳам, аслида бу маълумотлар нега яширилаётгани сабаби ҳам Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг ёпиқлиги боис яна мавҳум бўлиб қолмоқда.

Билганимиз, ўтказилган матбуот анжуманлари ва унда айтилган гаплар гўё ижтимоий тармоқдаги қизғин муҳокамалар ва ОАВ ходимларини бир муддат тинчлантириш учун қилинган  омадли уриниш бўлгандек тасаввур уйғотади. Ҳали реставрация лойиҳаси таёр бўлмай туриб, сарой ёпиб қўйилгани эса масъуллар томонидан подадан олдин чанг чиқаришдек гап бўлди.

Йўқса, ёпиқ ҳолатида ҳам трендни қўлдан бой бермаётган мазкур сарой ҳамюртларимиз қаторида, келиши тинмаётган сайёҳлар учун томошабоп маскан бўлиб турар эди.

P/S:  Шуни унутмаслик керакки,  мамлакатимизга келиб, ҳар бир гўзалликни кўрган сайёҳ ўз юртига фақатгина илиқ таассуротларни олиб қайтиши, юртимизнинг ҳеч бир гўшаси уларга тушунарсиз ёки жумбоқ бўлиб қолмаслиги керак. Ана шундай илиқ таассуротлар билан ўз юртига қайтган меҳмон ўз ортидан бошқа меҳмонларни олиб келадиган даражада таассуротлар билан кетиши керак деб ўйлаймиз.

Моҳичеҳра Эшмирзаева, Дониёр Яқубов, ЎзА