Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Сингапур Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Сингапурда) Зулкифли бин Баҳарудинни қабул қилди.

Дипломат Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида эришилаётган ютуқларга ижобий баҳо берди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон – Сингапур муносабатининг турли соҳалардаги долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди.

Икки томонлама ҳамкорлик салоҳиятидан унумли фойдаланиш, жумладан, ўзаро ташрифлар ташкил этиш, ташқи ишлар вазирликлари аро маслаҳатлашувлар ўтказиш, шартномавий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги саъй-ҳаракатни мувофиқлаштириш орқали ўзаро алоқани фаоллаштириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Турли даража ва шаклда режалаштирилган тадбирлар жадвали юзасидан фикр алмашилди.

Иқтисодий дипломатияни рағбатлантириш мақсадида томонлар ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқани йўлга қўйиш, бизнес-форумлар ташкил этиш, электрон тижорат ва “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш, таълим, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва бошқа соҳаларда янги лойиҳалар амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Дўстона ва ўзаро ишонч муҳитида ўтган учрашув якунлари бўйича икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида барча соҳаларда алоқани чуқурлаштириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатни давом эттиришга келишилди.

Ғ.Хонназаров, ЎзА