Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон 2-3 июнь кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди.

Тошкентда ўтган музокараларда икки дўст мамлакат халқлари манфаатига хизмат қиладиган кўплаб келишувларга эришилди.

Ташрифнинг иккинчи куни олий мартабали меҳмон Хоразм вилоятига келди.

Хоразм вилоятида ушбу ташрифга алоҳида тайёргарлик кўрилди. Кўчалар икки мамлакат давлат байроқлари билан безатилган, ранг-баранг панноларга халқларимиз дўстлиги ва қардошлигини тараннум этувчи сўзлар ёзилган.

Давлатимиз раҳбари Урганч халқаро аэропортида Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмонни кутиб олди.

Миллий қўшиқ ва рақслар халқимизга хос меҳмондўстлик, очиқкўнгиллик ифодаси бўлди.

Шундан сўнг Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон Президент Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Урганч шаҳридаги «UzXCMG» қўшма корхонасига ташриф буюрди.

Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигидаги ушбу корхона 2014 йилда ташкил этилган. Лойиҳанинг биринчи босқичида қишлоқ хўжалиги техникаларини йирик бўғинли йиғиш, иккинчисида саноат усулида йиғиш, учинчисида эса ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш йўлга қўйилди.

Ҳозирги кунда бу ерда 13 хил экскаватор, 10 турдаги махсус техника ишлаб чиқарилмоқда. Сув хўжалиги, қурилиш ва йўл таъмирлаш соҳалари учун ўта зарур бўлган бундай техникалар илгари валюта эвазига хориждан келтирилар эди. Эҳтиёт қисмлар таъминоти ва сервисда кўп қийинчиликлар бор эди.

Қўшма корхонанинг ишга туширилиши бу заруратни ҳал этиш билан бирга вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, юртимиздаги ирригация ва мелиорация тадбирларини ўз вақтида бажариш имконини бермоқда.

Шу кунга қадар корхонада халқаро стандартлар асосида 2 мингга яқин махсус техника ишлаб чиқарилган. Маҳаллийлаштириш даражаси 50 фоиздан ошган. Энди маҳсулотларни чет элга, жумладан, қўшни мамлакатларга экспорт қилиш режалаштирилган. Экскаватор ва махсус техникалар буюртма асосида ишлаб чиқарилиши ҳам мумкин.

Тожикистонлик меҳмонлар заводдаги иш жараёнини, қишлоқ хўжалиги машиналари ва махсус техникаларни кўздан кечирди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Эмомали Раҳмон Хива гилам комбинатида бўлди.

Умумий қиймати қарийб 22 миллион доллар бўлган ушбу корхона Самарқанддаги “Sam-Antep-Gilam” компанияси томонидан 2020 йилда ташкил этилган, ўтган йили лойиҳанинг иккинчи босқичи ишга туширилган. Комбинатга Германия, Бельгия, Австрия, Швейцария, Италия, Франция ва Туркиядан ускуналар келтириб ўрнатилган. 420 та иш ўрни яратилган.

Бу ерда гилам, полипропилен ип ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Улар АҚШ, Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистонга экспорт қилинмоқда.

Бу йил учинчи босқич – акрил толасидан калава тайёрлаш лойиҳаси амалга оширилди. Натижада ишлаб чиқариш қуввати йилига 2,2 миллион квадрат метрга етди. Маҳсулотнинг 45 фоизи чет элга сотилиши, йиллик экспорт 7 миллион доллардан ошиши кутилмоқда.

Президентлар корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнини ва шоу-румни кўздан кечирди.

Шу ерда Ўзбекистон саноат маҳсулотлари ҳам намойиш этилди. Турдош тармоқлар мутасаддиларига тажриба алмашиш, савдони ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Ичан қалъадаги тарихий обидаларни зиёрат қилди.

Маълумки, Ичан қалъа фақат ёдгорлик эмас, балки «тирик» шаҳардир. Бу ерда 120 дан зиёд меъморий обидалар бор ва ҳозиргача қадимий уйларда аҳоли яшайди. Унинг «очиқ осмон остидаги музей» деб аталиши шундан.

Хива шаҳри 1990 йил 12 декабрда ЮНЕСКО Маданий мерос рўйхатига киритилган. 1997 йилда шаҳарнинг 2500 йиллик юбилейи нишонланган. 2020 йилда Турксой халқаро ташкилоти томонидан Турк дунёсининг маданий пойтахти, деб эълон қилинган.

Давлат раҳбарлари Ота дарвозадан кириб, Кўк минора, Кўҳна арк саройи, Тошҳовлини томоша қилди. Паҳлавон Маҳмуд мақбараси ва Жума масжидида Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.

Хоразмнинг тарихи, илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси ҳақидаги маълумотлар, бой маданияти ва санъати меҳмонларда ёрқин таассурот қолдирди.

Шу билан Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг мамлакатимизга расмий ташрифи якунига етди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Аҳмаджон ШОКИРОВ,

ЎзА мухбирлари