Амударё нафақат Қорақалпоғистонда, балки мамлакатимиз миқёсидаги пахта ва пилла етиштириш бўйича йирик туманлардан бири ҳисобланади. Туманда ҳар йили давлатга қарийб 230 тоннадан зиёд юқори сифатли саноат хом ашёси – пилла ҳосили етказиб берилади.

Жорий йилнинг дастлабки ҳосили – пилла хом ашёсини етиштириш мақсадида пиллачилик тармоғига эга фермер хўжаликларида мавсум юмушларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, пиллакорлар ўз ихтиёрларидаги тут плантацияларида баҳорги агротехник тадбирларни ўз вақтида, сифатли амалга оширди. Аввалдан мавжуд бўлган, кузги ва баҳорги кўчат экиш мавсумларида янгидан бунёд этилган тутзорларни озиқлантириш, қуриган шохларини буташ ва каллаклаш ишлари бажарилиб, уларнинг ҳосилдорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Ипак қурти боқиш мавсумига пухта ҳозирлик кўрилиб, қуртхоналарда таъмирлаш, оҳаклаш каби мавсум олди тадбирлари олиб борилди.

“Jayxun Silk” масъулияти чекланган жамияти томонидан ипак қурти боқиш мавсумига 4163 қути ипак қурти уруғи зооветеринария қоидалари асосида жонлантирилиб, пиллачилик тармоғига эга фермер хўжаликларининг ижарачи пиллакорларига шартнома асосида тарқатиб берилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 8 июлдаги “Республикада мавжуд яйловлардан унумли фойдаланиш, ипак ва жунни қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 декабрдаги “Пилла етиштирувчи жисмоний шахсларга улар томонидан етиштирилган пилла (ҳўл пилла) ҳосили учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида пиллакорларга етиштирилган ҳўл пилла  ҳосилининг ҳар бир килограмми учун ўртача 24 минг 700 сўмдан пул берилиши белгиланган. Бундан ташқари, ҳукумат қарорига кўра, етиштирилган ҳўл пилла ҳосилининг ҳар бир килограми учун 5000 сўмдан субсидия ажратилиши пиллакорларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш имконини бермоқда.

Туманнинг пилла хирмони юксалишида Тўлқин овули ҳудудидаги фермер хўжаликларининг ижарачи пиллакорлари ҳиссаси катта бўлмоқда. Ипак қурти боқиш мавсумида ҳар йили шартномавий режани ҳамиша ошириб адо этиб келаётган Азимахон Ўрозбоева жорий йил 1 қути қурт уруғини зооветеринария қоидалари асосида парваришлаб, юқори сифатли пилла ҳосили етиштиришга муваффақ бўлди. У 19 грамм ипак қурти уруғидан режадаги 57 килограмм ўрнига 70 килограмм ҳосил олди.

Тўлқинлик пиллакорлар орасида Азимахон каби моҳир пиллакорлар кўп. Мавсумда 1 қути ипак қурти уруғидан режадаги 57 килограмм ўрнига 84 килограмм юқори сифатли пилла ҳосили етиштириб, шартномавий режасини ҳам, мажбуриятини ҳам ошириб адо этган Матлуба Саидаметова карвонбошилик қилмоқда. Овулдаги яна бир моҳир пиллакор Умида Қурбонбоева ҳам 19 грамм ипак қурти уруғини астойдил парваришлаб, жорий йил пилла топшириш мавсумини муваффақиятли якунлади. У шартномавий режадаги 57 килограмм ўрнига 72 килограмм ҳосил олишга эришди.

Туман пиллакорларининг шижоати баланд. Қабул масканларида етиштирилган мўл пилла ҳосилини йиғиштириб олиш, сифати бузилмасидан пиллани қабул қилиш масканларига топшириш ва қуритиш, ғумбагидан ажратиш ва саралаш ишлари қизғин олиб борилмоқда. 237 тонналик Амударё “кумуш тола” хирмонини яратиш борасидаги барча тадбирлар изчиллик билан давом эттириляпти.

ЎзА