Бугун 24 май куни Жанубий Корея Геонгги-до таэквондо ассоциацияси раиси Ким Кёнг Док бошчилигидаги делегация Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди.

Меҳмонларни МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Тошматов қарши олди. Делегатлар ташриф давомида ўзбек спортининг бой тарихи билан яқиндан танишишди. Шундан сўнг томонлар ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди.

Музокаралар давомида кореялик меҳмонлар Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси фаолияти Корея Республикаси таэквондо ассоциацияси билан ўхшашлиги, терма жамоамиз вакилларини «Париж-2024» ва «Лос-Анжелес-2028» Олимпия ўйинларига тайёрлашда ўзаро ҳамкорликда ишлаш масаласини муҳокама қилишди.

Шунингдек, ҳамкорлик доирасида ўзбекистонлик тренер ва ҳакамларнинг малакасини Корея Республикасида ошириш, спорт тиббиёти, фармакология, диетология йўналишларида эришилган сўнгги муваффақиятлар бўйича ўзаро тажриба алмашиш мавзуларида фикрлашилди.

Учрашувда меҳмонлар мамлакатимизда оммавий спортни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга, ўзбекистонлик спортчиларнинг халқаро майдондаги натижаларига юқори баҳо беришди.

ЎзА