Бош прокуратура Ишчи гуруҳи ташаббуси билан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашишга қаратилган ислоҳотлар” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Унда олий ва ўрта махсус таълим муассасалари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Ш.Мухаматов, Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг биринчи ўринбосари С.Иматов мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсати, кучайтирилган жиноий жавобгарлик, коррупцион хабарларга берилаётган рағбатлар, соҳадаги очиқ-ошкоралик ва давлат дастурлари ижроси ҳақида маълумотлар берди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашга эътибор қаратилиб, уни кескин камайтириш чоралари кўрилаётганига қарамасдан ҳануз ушбу иллат барҳам топмаяпти. Бундан ҳар бир раҳбар, ҳар бир ходим ўзига хулоса қилиб, фаолиятида йўл қўймаслиги учун зиммасига юклатилган вазифани виждонан бажариши зарур.

Тадбирда коррупциявий жиноятларни фош этишга кўмаклашган ҳамда қонун устуворлигини таъминлашда ҳисса қўшган бир гуруҳ фуқароларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, университет кутубхонасига китоблар совға қилинди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА