Ҳозирги кунда ҳужжатларни  расмийлаштириш, банк операцияларини амалга ошириш ва нақд пул омонатларини бошқариш бўйича онлайн хизматлардан кенг фойдаланилмоқда.

Шу билан бир қаторда  технологияларнинг  ривожланиши ишонувчан фуқароларни  ижтимоий тармоқларда алдаш анча осон бўлгани боис фирибгарларнинг кўпайишига ҳам  сабаб бўлмоқда.

Ҳозирги кунда фирибгарликнинг бир қанча  турлари машҳур бўлган. Улар  ичидан энг кўп тарқалгани – фишингдир. У шахснинг идентификация маълумотларининг (масалан, исми-шарифи, банк картасининг пароли ва рақами) ўғирланишига асосланган. Қаллоблар фуқароларнинг эътиборсизлигидан фойдаланиб, ижтимоий тармоқларда сохта аккаунтлар, электрон хат жўнатмаларини  яратиш орқали шахсга доир маълумотларни ўғирлаб олади. Жиноятчилар фуқароларнинг ишончига сазовор бўлиш мақсадида ўзларини ишончли манба сифатида кўрсатади.

Қаллобликнинг иккинчи машҳур тури – кардингдир. Интернет тармоғидаги ушбу жиноят турида фирибгарлар фойдаланувчиларнинг махфий маълумотларини ўғирлаб, уларнинг ҳисобларидани пулларини ечиб олади. Банк карталарига киришнинг энг кенг тарқалган усули – интернет дўконларининг серверлари, ҳисоб ва тўлов тизимларини бузиб киришдир. Хакерлар фуқаро ва унинг тўлов картаси ҳақидаги  шахсий маълумотларига эга бўлиш учун  масофавий кириш дастурлари ва зарарли дастурлардан фойдаланади.

Жиноятчиларнинг ягона мақсади –  ёлғон йўлар билан пул ва мулкни қўлга киритишдан иборат. Бунда улар ишонтиришнинг турли усулларидан фойдаланади.  Улар орасида психологлар, молия, иқтисод ва суғурта масалалари бўйича мутахассислар бор.

Интернет тармоғидаги  фирибгарлар коронавирус пандемияси пайтида онлайн хизматлар ва  фойдали таклифларни таклиф этган ҳолда, турли ниқоблар остида ўз фаолиятларини янада такомиллаштирди.

Масалан, қаллоблар машҳур интернет дўконнинг ўхшаш нусхасини яратиши мумкин. Жуда арзон маҳсулотлар ва фойдали  таклифлар ҳеч нарсадан шубҳаланмайдиган харидорларни ўзига жалб қилиш учун мўлжалланган. Фойдаланувчилар харидни амалга ошириш учун қидирув тизимлари орқали ҳавола орқали рўйхатдан ўтиб, банк ҳисоблари ҳақидаги маълумотларни киритади. Натижада, сотувчи пулни олиб, ғойиб бўлади ёки бошқа маҳсулот харид қилишни таклиф этади. Бундай ҳолатларда ҳамиша браузерда  манзилни аниқ текшириш керак. У https (хавфсиз маълумотларни узатиш протоколи) сўзилари билан бошланган бўлиши керак. Бу манбанинг тўла хавфсизлигини кафолатламаса-да, ҳимояланганлигини (шифрли) англатади.

Шахсга доир маълумотларни  ўғирлашда интернет-банкинг сервисларининг нусхалари   ҳам яратилиши мумкин. Фирибгарлар электрон хат ёки смс-хабарлар орқали  фойдаланувчиларни  тизимга киришга  таклиф қилади. Эътиборсиз ва содда фуқаролар сохта сайтга кириб, шахсий кабинетда рўйхатдан ўтади ва пулларни олиш учун логин ва паролларини  осонгина бериб қўяди. Қаллоблар бу маълумотларни қўлга киритишлари билан  уларнинг банк ҳисобларини  шип-шийдон қилиб кетишади.

Шунингдек, жиноятчилар  ижтимоий тармоқлардаги  аккаунтларни ҳам бузиб кириб, улардан почта хабарларини юборади. Фирибгарлар саҳифа эгасига турли баҳоналар тўқиб,  пул ўказишни сўраган ҳолда, унинг қариндошлари ва танишларига  хат жўнатади.

Фирибгарларнинг ҳийласига  алданиб қолмаслик учун  банк карталари билан боғлиқ ҳар қандай пулли операцияни амалга оширишда хушёрликни йўқотмаслик ва ҳеч қачон ҳеч кимга  шахсга доир маълумотларни бермаслик керак.

Асосий қоидаларга риоя қилган ҳолда, фуқаролар шахсий маблағларининг хавфсизлигини таъминлаши мумкин. Интернетдан  харидларни амалга оширганда,  алоҳида виртуал картадан фойдаланиш кифоя қилади. Уни тўловни амалга оширган пайтда, бир марта тўлдирган маъқул. Почта яшиклари, ижтимоий тармоқлар, турли сайтлар учун мураккаб пароллар ўйлаб топиш ва турли маълумотлардан фойдаланган яхшироқдир. Чунки, ўғирланган пулларни қайтариб олишдан кўра, паролни қайта тиклаш осонроқдир.

Электрон почта, месенджерлар  ёки ижтимоий тармоқлар орқали келадиган ва айниқса бепул ёки фойдали  шартларда ниманидир таклиф этадиган номаълум ҳаволаларга кирманг. Ҳеч қачон бегона сайтларга пластик карта маълумотларингизни киритманг.

Ҳар қандай маълумот, хабар ёки эълонга танқидий қараш ҳам шу ўринда фойда беради. Дўстлар ва қариндошлардан тўсатдан  келадиган мурожатларга  ишонманг. Аслида, пул ҳақидаги хабарлар  кўпинча  аккаунтни бузиб кирган фирибгарларнинг сўрови бўлиб чиқади. Оддий киберхавфсизлик қоидаларига амал қилиш ҳам  шахсга доир маълумотларнинг чиқиб кетишини олдини олади. Масалан, фирибгарлар  сизнинг қурилмангиздан шахсга доир маълумотларинингизни юклаб ололмаслиги учун доимо VPN дан фойдаланинг.

Роман БОНДАРЧУК, ЎзА