Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов мамлакатимизга ташриф билан келган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Чжан Мин билан учрашди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан ШҲТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболи муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги доирасидаги тадбирлар билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистон раислигида шу кунгача 40 дан ортиқ тадбир муваффақиятли ўтказилгани қайд этилди, май-сентябрь ойларига мўлжалланган юқори даражадаги учрашувларнинг ташкилий жиҳати, кун тартиби муҳокама қилинди.

Томонлар таъкидлаганидек, Ўзбекистон ташаббуси билан ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишлари йўлга қўйилган. Айни жараён ташкилот кун тартибини замонавий воқеликни ҳисобга олган ҳолда бойитишга хизмат қилмоқда. Хусусан, ШҲТга аъзо давлатлар ахборот-коммуникация технологиялари, камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича илк бор вазирлар йиғилишлари ташкил этилди. 17 май куни Тошкент шаҳрида ўсимликлар карантини бўйича масъул идоралар раҳбарларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади.

ШҲТ Бош котиби асосий воқеа – 2022 йил 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисига тайёргарлик кўриш, мамлакатимиз томонидан Самарқанд саммитини мазмунан бойитиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни юксак баҳолади. Шу нуқтаи назардан, бўлажак саммит доирасида имзоланиши режалаштирилган ҳужжатларни келишиш жараёнини тезлаштириш бўйича фаол саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

ШҲТ фаолиятини янада ривожлантириш, тузилманинг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Музокарада халқаро ва минтақавий кун тартибига оид айрим масалалар, жумладан, Афғонистондаги мавжуд вазият ҳам кўриб чиқилди.

Ғ.ХОННАЗАРОВ, ЎзА