Маълумотларга кўра, Қирғизистоннинг Акси тумани далаларида Марокаш чигирткаси кўпайиб бормоқда. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, мазкур хавфли ҳашаротга қарши чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мазкур чигиртка галасининг мамлакатимиз далаларига ҳам  кириб келиши хавфи тўғрисида маълумот берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон шароитида зарарли чигирткалар хавфини бартараф этиш юзасидан ҳар йили куз ойларида кузги, эрта баҳорда ҳам кузатув назорат ишлари олиб борилади, чигирткаларнинг қишлов муддати тугаши, тухумдан чиқиш муддатлари тўғрисида кўп йиллик кузатув асосида кимёвий кураш тадбирлари режалаштирилади ва ўз вақтида ташкил этиш чоралари кўрилади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, бугунга қадар Ўзбекистонда энг хавфли саналган Африка чигирткалари кўпайиб  кетиши хавфи тўғрисида хабарлар кузатилмаган.

Республикада ҳозирги пайтда чигирткаларга қарши кураш тадбирлари давлат бюджетидан таъминланадиган Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги таркибидаги Чигирткаларга қарши кураш хизматлари томонидан амалга оширилади.

Марокаш чигирткалари мамлакатимиз ҳудудларига ҳам тарқалиши хавфи мавжуд. Ҳозирга қадар чигирткаларни бошқариш механизми ҳеч бир давлатда ишлаб чиқилмаган. Бу хабар соҳа ходимларини  огоҳликка чақиради.

ЎзА