Маълумотларга кўра, жорий йилда мактаб дарсликларини янгилашга 605 миллиард сўм ажратилган.

Хўш, катта  маблағлар  сарф қилинаётган мактаб дарсликларида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида  Республика таълим маркази ахборот хизмати раҳбари Моҳира Нуруллаева иштирокидаги брифингда тақдим этилган маълумотларга кўра, янги ўқув йилидан 1-11-синфларда инглиз тили ҳамда 5-11-синфларда информатика фани Кембриж дарсликлари ва методикаси бўйича ўқитилади.

Мутахассис сўзларига кўра, 2021/2022 ўқув йили учун 1-, 2-синфларда 154 нафар муаллиф иштирокида 326 номда замонавий ўқув-методик адабиётлар яратилди. Шунингдек, илк маротаба барча фанлар учун ўқитувчи китоби, бошланғич синфларда машқ дафтари ва мобил иловалар тайёрланмоқда.

Жорий йилда дарсликларни яратиш мақсадида ажратилаётган маблағлар  янги ўқув йилида 3-, 6-, 7-, 11-синфларда барча дарсликларни янгилашга, жами 422 номда ўқув адабиётларини тайёрлашга сафарбар қилинади.

Ўзбекистон мактаб таълимида илк маротаба хориждан энг яхши ўқув адабиётларни мактаблар учун адаптация қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Бугунги кунда жами 46 номдаги ўқув адабиётлари Ўзбекистонга мослаштирилди, таржима қилинди ҳамда тажриба-синовдан ўтказилди.

Шакл ва мазмун жиҳатидан бутунлай ўзгарган мактаб дарсликларида халқаро миқёсда тан олинган ривожланган давлатлар дарсликларининг ютуқлари ва ХХI аср меҳнат бозори учун эгалланиши зарур бўлган кўникмалар инобатга олинган.

Брифингда қайд этилишича, миллий синфлар учун 2-11-синф рус тили дарсликлари ҳамда ўқитувчи китоби, машқ дафтарлари, жами 20 номдаги адабиётларнинг оригинал макет лойиҳаси А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети билан тайёрланди. Немис тили ўқитиладиган синфларда жорий йилда Германиянинг “Клетт” нашриётининг 28 номдаги немис тили дарсликлари амалиётга киритилади. Бугунги кунда Франция билан ҳам француз тилини ўргатувчи энг илғор дарслик мажмуаларини олиб келиш бўйича ҳам музокаралар олиб борилмоқда.
Энг муҳими, мактабларимизга янги дарсликлар орқали янги методика – ўқитиш ёндашуви кириб бормоқда. У жамиятдаги айни пайтдаги ўзгаришлар, меҳнат бозори, ўқувчининг қизиқишлари, когнитив ривожланишини ҳисобга олгани билан ўзига хосдир.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА