Пойтахтимиздаги «Туркистон» саройида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ўтказилган «Олтин қалам» XVI Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишлаб ташкил этилган ушбу тадбирга оммавий ахборот воситалари ходимлари, соҳага оид олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, экспертлар, ёш ижодкорлар, юртимизда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар ва элчихоналарнинг вакиллари, шунингдек, бир қатор хорижий давлатлардаги медиа уюшмаларнинг мутасаддилари таклиф этилди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси, танлов ташкилий қўмитаси раиси Олимжон Ўсаров кейинги йилларда мамлакатимизда миллий журналистика соҳасини тубдан ислоҳ этиш, фуқароларнинг сўз ва ахборот олиш эркинликларини таъминлаш борасида кескин ижобий ўзгаришлар юз бераётганини таъкидлади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари – Президент матбуот котиби Шерзод Асадов мамлакатимиз ва жаҳон миқёсида юз бераётган воқеликларга холис, ҳаққоний ёндашиш, уни теран таҳлил этиш, муаммоларни холис танқид воситасида ҳал этишга устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.
Бугунги кунда миллий журналистика халқ билан давлат ўртасида тобора шаффоф кўзгуга айланмоқда, десак муболаға бўлмайди. Соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, таҳририятларнинг моддий-техника базасини янада яхшилаш, журналистларнинг замонавий ва тезкор форматда ишлаши учун зарур барча шароитларни яратиш масаласи давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда.
Маълумотларга кўра, «Чегарасиз репортёрлар» халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан тузиладиган Сўз эркинлиги индексининг 2022 йилги рейтингида Ўзбекистон ўз кўрсаткичларини бирдан 24 позицияга яхшилаб, 157-ўриндан 133-ўринга кўтарилди. Бу эса мамлакатимизда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини жамоатчилик фикрини ифода этадиган «тўртинчи ҳокимият»га айлантириш борасида қўйилаётган муҳим қадамларнинг амалий натижаларидан биридир.
Оммавий ахборот воситалари ходимларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларни изланишлар сари даъват этишда турли маърифий лойиҳаларнинг аҳамияти катта бўлмоқда. 2006 йилдан буён ўтказилиб келинаётган «Олтин қалам» Миллий мукофоти учун халқаро танлови журналистларни ижодий изланишга чорлаш, уларнинг фаоллигини ошириш, ислоҳотлар шиддатини тезкор, холис ва ҳаққоний тарзда аҳолига етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Жорий йилда ўтказилаётган «Олтин қалам» Миллий мукофоти учун халқаро танловга 448 нафар иштирокчи беш мингга яқин ижодий ишларини топширган.
Бу йил танлов иштирокчилари ишини баҳолашда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси расмий jurnalistlar.uz сайти орқали кенг жамоатчилик иштирокидаги он-лайн баҳолаш ҳам йўлга қўйилди. Ҳар бир иштирокчининг алоҳида саҳифаси бўлиб, иштирокчиларнинг электрон рўйхати шакллантирилди. «Олтин қалам -2022» саҳифасида қатнашчилар томонидан тақдим этилган ишлар жойлаштирилди. Ижодий ишларни баҳолаш автоматлаштирилиб, ҳар бир юртдошимиз овоз бериш йўли билан танлов ғолиблигига даъвогарларнинг ижодий ишларини баҳолаб бориш имкони яратилди.
Тантанали тадбирда асосий мукофотлар – телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари, интернет журналистика бўйича «Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот» номинациясида биринчи, иккинчи, учинчи ўринларга сазовор бўлган қатнашчиларга мукофотлар топширилди. Ғолиблар диплом, «Олтин қалам ” кўкрак нишони, статуэткаси ва базавий ҳисоблашнинг тегишли миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди.
Жумладан, «Энг яхши журналистик материал учун» (телевидение) йўналишида
1-ўринга «Маданият ва маърифат» телеканалидан Юлдуз Файзий,
2-ўринга «Севимли» телеканалидан Мўътабар Нурмуҳаммедова,
3-ўринга Мафтуна Мамасиддиқова («Рухсор ТВ» Фарғона вилояти) лойиқ топилди.
«Энг яхши журналистик материал учун» (радио) йўналишида 1-ўрин Навоий ТРК мухбири Фароғат Барноевага , 2-ўрин «Oʼzbekiston 24» телерадиоканалидан Зарбуви Чориевага, 3-ўрин «Гранд» радиоканалидан Нодира Мақсудовага берилди.
«Энг яхши журналистик материал учун» номинацияси бўйича интернет-журналистика йўналишида 1-ўринга ЎзА бўлим мудири Норгул Абдурайимова, 2-ўринга kun.uz сайти мухбири Илёс Сафаров, 3-ўринга xabar.uz ахборот таҳлилий портали мухбири Анвар Намозов лойиқ топилди.
«Энг яхши журналистик материал учун» номинациясида босма нашрлар бўйича 1-ўринга «Халқ сўзи» – «Народное слово» газеталари таҳририяти (бош муҳаррири Ўткир Раҳматов), 2-ўринга «Эркин Қорақалпоғистон» газетаси мухбири Гулойим Сапарова, 3-ўринга Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманидаги «Тараққиёт» газетаси бош муҳаррири Чори Алимов ҳамда «Ёшлар кундалиги» таҳририяти жамоаси (Таҳририят бош муҳаррири Беҳзод Кабулов ) муносиб кўрилди.
«Инсон қадрини улуғлашга бағишланган энг яхши материаллари учун», «Маҳалла,оила ва гендер тенглик мавзуси энг яхши ёритилган материал учун», «Ўзбекистон тарихи ёритилган энг яхши материал учун», «ОАВ билан энг фаол ҳамкор ахборот хизмати», «Энг яхши фоторепортаж» рағбатлантирувчи номинациялар бўйича мукофотлар ҳам ўз эгаларига топширилди.
Шу билан бирга, чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун «Олтин қалам» Миллий мукофоти учун халқаро танлови ғолиб ва совриндорлари ҳам тақдирланди.
Танловда халқаро ташкилотлар ва Туркия Республикаси, Озарбайжон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси каби чет давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари томонидан таъсис этилган номинацияларнинг ғолиблари ҳам эълон қилинди. Халқаро ҳамкорлар томонидан эълон қилинган номинациялар ғолибларига ушбу давлатларга саёҳатлар сертификатлари ҳам топширилди.
Эътиборга молик жиҳати, бу йилги танловда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида янгиланаётган Ўзбекистонимиз журналистикасида кечаётган ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратилди.
«Ўзбекистон тарихи» телеканали жамоаси (бош муҳаррири Шуҳрат Ҳайитов) Бош миллий мукофот соҳиби деб топилди. Ғолиб махсус диплом, «Олтин қалам» танлови кўкрак нишони, статуэтка ва базавий ҳисоблашнинг 200 баробари миқдорида (54 000 000 сўм) пул мукофоти билан тақдирланди. Ғолиб жамоага мукофотни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари- Президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов топширди.
Тадбирда санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокида катта концерт дастури намойиш этилди.
Назокат Усмонова, ЎзА