Туркия F-16 қирувчи самолётларини сотиб олиш сўрови бўйича АҚШ маъмурияти билан конструктив муносабат олиб бормоқда, деб баёнот берди Туркия ташқи сиёсат идораси раҳбари Мавлуд Човушўғли.
«АҚШ маъмуриятида F-16 қирувчи самолётларини сотиб олиш масаласида муайян бир муносабат мавжуд», – дея келтиради Човушўғлининг сўзларини Sabah газетаси.
Аввалроқ АҚШ Туркияга унинг Россиядан С-400 ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимини сотиб олгани учун янги F-35 қирувчи самолётлари етказиб бериш дастуридан чиқарилгани ҳақида хабарни берганди. Қўшма Штатлар F-35 бўйича қўшма меморандумни бекор қилган эди.
Айни дамда F-35 лойиҳаси бўйича АҚШга Буюк Британия, Италия, Нидерландия, Австралия, Дания, Канада ва Норвегия шерикчилик қилмоқда. Шундан кейин Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғон АҚШга тўртинчи авлод F-16 қирувчи самолётларини харид қилиш бўйича таклиф билдирди.
Ушбу масала ҳам ҳали АҚШ Конгрессида маъқулланиши керак. Давлат департаменти конгрессменларни ушбу келишув Вашингтон манфаатларига хизмат қилишига ишонтириш учун ҳаракат қилмоқда.