Президент Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ҳамда бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча шароитлар яратишга оид видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
–Вақт жуда кам қолди, деҳқончиликда баҳорнинг ҳар бир куни, ҳар бир соати муҳим, – деди давлат раҳбари йиғилишда ва деҳқон ва фермерларимизни энг кўп қийнайдиган масалаларни санаб ўтди:
– ҳосилдор ва ишончли уруғ ва кўчат навларининг камлиги,
– пешона тери эвазига етиштирилган маҳсулот кафолатли харид қилинмаслиги.
Шу сабабли, ҳосилдор уруғ ва кўчат навларини жойларга етказиш ва маҳсулотни сотиб олишга Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан Боғдорчилик агентлигига қўшимча 300 миллиард сўм ажратилади.
Шунингдек, янги сув омборлари атрофидаги 100 минг гектардан ортиқ ерларга тадбиркорларни жалб этиб, инфратузилма яратишга ёрдам бериб, мос келадиган экинлар экишни ташкил қилиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Вилоят ҳокимларига бир ой муддатда:
– ўз ҳудудидаги сув омборлари атрофидаги янги ерларнинг харитасини тузиш;
– ерларни контурларга ажратиб, уларга ирригация тармоғини лойиҳалаш;
– ушбу майдонларда озиқ-овқат ва озуқа экинларини экишга тайёр инвесторларни жалб қилиш бўйича лойиҳа тўпламларини тайёрлаш топширилди.
ЎзА