Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети журналистика таълим йўналиши тўртинчи курс талабалари учун Нукус шаҳридаги “Нукус полимер”, “Панамилк”, “Самсунг-Нукус» корхоналарига ҳамда Олимпия ва миллий спорт турларига ихтисослаштирилган республика олий  спорт маҳорати мактабига пресс-тур ташкиллаштирилди.

Пресс-турнинг биринчи манзили табиий газни қайта ишлаш технологияси асосида полимер маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган Марказий Осиёдаги энг катта ишлаб чиқариш ўрни  – “Нукус полимер” корхонаси бўлди.

Ҳудуди 1,88 гектар майдонга эга бўлган ушбу корхона ўзининг биринчи маҳсулотини 2017 йилнинг 24 июль куни чиқарган эди. Йилига 8000 тонна полиэтилен ишлаб чиқарувчи корхонада 16 миллиметрдан 630 миллиметргача диаметрдаги газ ва сув қувурлари ҳамда қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Мазкур корхонада 100 дан ортиқ киши иш билан таъминланган. Уларнинг 70 фоизи ёшлардан иборат.

Хитойдан олиб келинган технологиялар билан жиҳозланган корхона жаҳон талабларига мос маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда.

Келгуси йили корхона маҳсулотларини қўшни Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Афғонистон давлатларига экспорт қилишни режалаштирган.  Шунингдек, 2018 йилнинг май-июнь ойларида халта, полиэтилен пакетлар ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Газ ва сувга мўлжалланган юқори сифатдаги қувурлар ишлаб чиқарувчи бу корхонанинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, бу ерда чиқиндиларга иккинчи марта ҳаёт берилади, яъни маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнида яроқсиз деб ҳисобланган чиқиндилар қайта ишланиб, махсус ускуналарда майдаланади ва тайёр хомашёга айлантирилади. Демак, корхонада хеч қандай яроқсиз чиқинди чиқмайди. Бу, экология, атроф-мухитни ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

А.Ажимуротов, 

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети журналистика таълим  йўналиши талабаси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлигидан ЎзА учун махсус