Президентимиз Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғида бунёд этилаётган «Tоshkent Сity» халқаро ишбилармонлик марказининг такомиллаштирилган лойиҳаси билан танишди.

Бугун Президентимиз ташаббуси билан юртимизга хорижлик инвесторларни жалб қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг учун барча шароит ва қулайликлар яратилаётир. Дунё тажрибасида ишбилармонлар учун умумий мажмуа сифатида бизнес марказлари яратиш тажрибаси кенг қўлланилади. Бу уларнинг самарали фаолиятида муҳим аҳамият касб этади. Пойтахтимизда барпо этилаётган халқаро ишбилармонлик маркази ҳам замонавий ва қулайлиги жиҳатидан ноёб лойиҳа, дея баҳоланмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 28 октябрь куни «Tоshkent Сity» халқаро ишбилармонлик маркази барпо этилаётган ҳудудда бўлиб, буюртмачи ва қурувчилар олдида турган вазифалар, ташкилий ва молиявий масалаларни жойида муҳокама қилган, лойиҳаларни янада такомиллаштириш, қурилишни тезлаштириш бўйича топшириқлар берган эди.

Давлатимиз раҳбари топшириқлар ижроси юзасидан такомиллаштирилган лойиҳаларни яна бир бор кўздан кечирди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 июлдаги «Тошкент шаҳрининг марказий қисмини ободонлаштириш ва архитектуравий қиёфасини янада яхшилаш ҳамда аҳоли ва пойтахт меҳмонлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Tоshkent Сity» халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудидаги объектларни қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича дирекция тузилган.

Давлатимиз раҳбари халқаро ишбилармонлик марказининг маъмурий биносида бўлди. Бу ерда яратилаётган лойиҳалар, иш жараёнини кўздан кечирди.

«Tоshkent Сity» халқаро ишбилармонлик марказининг такомиллашган концепциясига кўра, бино ва иншоотлар турли қурилиш ташкилотлари томонидан барпо этилмоқда. Лойиҳаларни мамлакатимиз ишбилармонлари Хитой, Туркия, Жанубий Корея каби давлатларнинг инвесторлари билан ҳамкорликда амалга оширмоқда.

Президентимиз қурилишга жалб қилинган инвесторлар билан суҳбатлашди. Уларнинг фикрлари ва ташаббуслари билан қизиқди.

Бугун халқ тилида «шаҳар ичидаги шаҳар», дея эътироф этилаётган марказ қурилиши икки босқичда яқин тўрт йилда якунига етказилади.

Президентимиз «Tоshkent Сity» халқаро ишбилармонлик марказида қурилаётган бино ва иншоотларнинг бир-бирига уйғун бўлиши, дизайн жиҳатидан бири иккинчисини тўлдириши кераклигини таъкидлади.

 

Абу Бакир Ўрозов, ЎзА