Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик жорий йилда ҳар томонлама мустаҳкамланди. Жумладан, икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқалар фаоллашди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида Парламентлараро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенешида икки томонлама алоқалар бўйича парламент гуруҳлари тузилди. 

Мамлакатимизга ташриф билан келган Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши спикери Достонбек Жумабеков давлатимиз раҳбари билан мулоқотдан сўнг ЎзА мухбирига икки томонлама ҳамкорлик ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинганимизни юксак қадрлаймиз. Бу мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга бўлган интилиш ифодасидир.

Энг тўғри гапни Шавкат Мирзиёев айтди: бу йил Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари ривожида тарихий йил бўлди. Тўсиқлар олиб ташланди, ҳамкорликка кенг имкониятлар очилди. Келгуси йилларда мамлакатларимиз ҳамкорлиги мавжуд салоҳият даражасига кўтарилишига ишонамиз.

Учрашувда бунинг учун парламентлар ўзаро дўстликни мустаҳкамлаши, ҳукуматлар яқин ҳамкорликда ишлаши зарурлиги таъкидланди.

Биз ҳам ўзбекистонлик шерикларимиз билан тез-тез учрашиб туриш, имзоланган ҳужжатларни ратификация қилиш ва амалга ошириш бўйича келишиб олдик.

Халқларимиз ҳамжиҳатлиги янада мустаҳкамланиши, фаровонлиги изчил ошиб боришини тилайман.

 

Анвар Самадов, ЎзА